ОАВ ва ижтимоий тармоқларда “Намангандаги уй боғчасида 15 нафар бола тортдан заҳарланди” мазмунида тарқалган хабарлар юзасидан Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий ахборот берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 25 июль куни Уйчи туманидаги “Гулшан” оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг 15 нафар тарбияланувчиси сифати тез бузилувчи маҳсулотни истеъмол қилиши оқибатида ошқозон-ичак фаолияти функцияси бузилиши, овқат токсикоинфекциясида гумонланиб, туман тиббиёт бирлашмасининг болалар юқумли касалликлари бўлимига ётқизилган.
Ўрганиш натижасида муассаса тарбияланувчиларининг ота-оналари томонидан фарзандининг туғилган куни муносабати билан сифатсиз торт ширинлиги олиб келинганлиги ва у тарбиячи томонидан ўзбошимчалик билан болаларга берилгани аниқланган.
Шифохонада болаларга дарҳол барча зарур муолажалар кўрсатилиб, ўша куннинг ўзида — икки соатдан сўнг 13 нафарининг ҳолати яхшилангани сабабли уйларига кетиш учун рухсат берилган. 2 нафар болага эса бутунлай соғайганидан кейин, 26- июль куни жавоб берилган. Ҳозирда болаларнинг ҳаммаси ўзини соғлом ҳис қилиб, “Гулшан” оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотига қайтарилган.
Маълум қилинишича, Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли барча давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари масъулларига таълим муассасаларига сифати тез бузилувчи маҳсулотларни олиб кирмаслик, тарбияланувчиларга турли газли ичимликларни ичирмаслик, унли озиқ-овқат маҳсулотларига алоҳида эътибор қаратиш бўйича огоҳлантирилгани ва тушунтириш ишлари олиб борилган.