«Uzbekistan Airports» АЖ бошқарув раиси Раъно Жўраеванинг кутилмаганда ишдан кетиши унинг Москвага қайтиши билан боғлиқ. Бу ҳақда айрим нашрлар ёзмоқда.
7 август куни «Uzbekistan Airports»га икки ярим йил давомида раҳбарлик қилган Р.Жўраева ишдан кетгани, унинг ўрнини Жавлонбек Умархўжаев эгаллагани маълум бўлган эди.
Компанияда катта ўзгаришларни амалга оширгани расман эътироф этилган, қолаверса, 2022 йил ноябрда шартномаси 3 йилга узайтирилган раҳбарнинг қўққис ишдан кетиши тушунмовчилик туғдиргандек эди.
Телеграмдаги «Взгляд на Восток» канали хабарига кўра, постсовет маконида энг яхши топ-менежерлардан бири ва учувчисиз парвоз қиладиган аппаратлар бўйича мутахассис Р.Жўраева ҳозирги паллада Россия учун жуда зарур кадр саналади.
«Маълумотларга кўра, Москва авиация институтини қизил диплом билан битирган мутахассиснинг салоҳияти Россияга зарур бўлиб қолди. Россия Федерацияси президенти Владимир Путин топшириғи билан мамлакатда учувчисиз қурилмаларни ривожлантириш бўйича миллий дастур тайёрланмоқда», – деб ёзади «Взгляд на Восток».
Украинага қарши босқинчилик уруши кетаётган бир пайтда Россиянинг ҳарбий техника, хусусан, жанговар дронларга эҳтиёжи ошиб бораётгани айтилмоқда.
Кеча, 7 август куни Путин «Ростех» раҳбари Сергей Чемезовга учувчисиз ускуналар ҳамда камикадзе дронлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришни буюрган. Ўз навбатида, «Ростех» раҳбари мудофаа вазирлиги учун зарур ҳарбий қурилмалар тўлиқ етказиб берилишини айтган.
Раъно Фрунзевна Жўраева узоқ йиллар Россияда авиация ва космос соҳасида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. 2021 йил февралдан «Uzbekistan Airports» раиси вазифасида фаолият юритиб келган.
Унинг истеъфосини ўзбекистонлик блогер Kainbek бошқа ракурсда изоҳлади.
«Раъно Жўраеванинг «Uzbekistan Airports» компанияси раҳбари лавозимидан муддатидан олдин озод этилишини, назаримда, ҳаво транспорт тизими «эски бўрилари»нинг ғалабаси дейиш мумкин. Улар аэропортнинг мустақил ва сердаромад компания сифатида эмас, балки доимий соғиладиган сигир бўлиб қолишидан манфаатдор эди», – деб ёзади блогер.
Бошқарув бўйича эксперт Азиза Умарова ҳам Р.Жўраева фаолиятини юқори баҳолаб, у қисқа муддатда бошқалар 30 йилда қила олмаган ишни уддалагани, кичик авиация тизимини ярата олганини урғулаган.