Давлат меҳнат инспекциясининг инспекторлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 255-моддасига асосан маъмурий жарималар қўллайди.
Биринчидан, иш берувчилар томонидан меҳнат қонунчилиги бузиш ҳолларида жарималар миқдори БҲМнинг беш баравардан ўн бараваригача, яъни, 1 млн. 600 минг сўмдан 3 млн. 300 минг сўмгача белгиланган.
Такроран содир этилганда, БҲМнинг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, яъни, 3 млн. 300 минг сўмдан 4 млн. 900 минг сўмгача жарима қўлланилади.
Иккинчидан, иш берувчи вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаганда ҳам унга нисбатан БҲМнинг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, яъни, 3 млн. 300 минг сўмдан 4 млн. 900 минг сўмгача жарима қўлланилади.
Ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилганда БҲМнинг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача, яъни, 3 млн. 300 минг сўмдан 9 млн. 900 минг сўмгача жарима белгиланган.
Учинчидан, Иш берувчи томонидан вакант ҳисобланган бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни яшириш, ўз вақтида бандлик органларига тақдим қилмаганда БҲМнинг ўн бараваридан йигирма беш бараваригача, яъни, 3 млн. 300 минг сўмдан 8 млн. 200 минг сўмгача жаримага тортилади.
Такроран содир этилганда, БҲМнинг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача, яъни, 8 млн. 200 минг сўмдан 16 млн. 500 минг сўмгача жарима қўлланилади.
Тўртинчидан, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун иш ўринларни захирага қўймаган ва мавжуд иш ўринларига ишга қабул қилмаган иш берувчиларга нисбатан БҲМнинг ўн бараваридан йигирма бараваригача, яъни, 3 млн. 300 минг сўмдан 6 млн. 600 минг сўмгача жарима, қайта содир этилганда йигирма баравардан ўттиз бараваргача, яъни, 6 млн 600 минг сўмдан 9 млн. 900 минг сўмгача жарима қўлланилади.
Бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасида ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши муносабати билан унинг ҳаёти ёки соғлигига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича иш берувчи ўз фуқаролик жавобгарлигини ушбу Қонунда белгиланган шартлар асосида ва тартибда суғурталаши шарт экани белгиланган.
Иш берувчи томонидан мазкур талабларни бажармаганлик учун БҲМнинг етти бараваридан ўн беш бараваригача, яъни, 2 млн. 300 минг сўмдан 4 млн. 900 минг сўмгача жарима белгиланган.
Такроран содир этилганда ўн бараваридан ўттиз бараваригача, яъни, 3 млн. 300 минг сўмдан 9 млн. 900 минг сўмгача жарима қўлланилади.
Шу ўринда, юртдошларимиздан меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши ёки мажбурий тарзда меҳнатга жалб этиш ҳолатларига рўбару келса, Давлат меҳнат инспекциясига мурожаат қилишларини сўраймиз.
Ҳар бир маълумот ва мурожаат белгиланган тартибда тезкорлик билан ўрганиб чиқилади ҳамда зарур чоралар кўрилади. Мурожаатчининг розилигисиз шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги кафолатланади.