Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош Бошқармасидан 33 ёшли шахснинг ўлиги чиққани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан пойтахт ИИББ маълумот берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 29 июль куни соат 22.00ларда Яккасарой тумани Шота Руставели кўчаси «Биродарлар қабристони» ҳиёбони олдида 7-8 нафар шахслардан иборат бўлган жиноий гуруҳ 1986 йилда туғилган фуқаро М.Р.ни уриб-дўппослаб, сўнг автоуловга мажбурлаб ўтказиб, номаълум хонадонга олиб бориб, жабрланувчини эркига зид равишда ушлаб туриб, унга нисбатан куч ишлатган ҳолда пул талаб қилганлар. Шунингдек, жабрланувчига тазйиқ ўтказган ҳолда, Туркия давлатида бўлган номаълум шахслардан гўёки 860 минг АҚШ доллари миқдорда қарз олганлиги ҳақида мажбурлаб тилхат ёздириб олишган.
Шунингдек тергов жараёнида аниқланишича, жорий йилнинг июнь ойида ушбу жиноий гуруҳ аъзолари томонидан тадбиркорлик билан шуғулланувчи фуқаро М.Р.ни Туркия давлатида бўлган даврда 2 кун давомида эркига зид равишда номаълум хонадонда мажбурлаб ушлаб туриб, жабрланувчига тазйиқ ўтказиш йўли билан ота-онаси номидаги Тошкент вилояти Қибрай туманидаги 300 минг АҚШ долларига тенг бўлган 2 та ҳовлини жиноий гуруҳ аъзолари номига расмийлаштиришга эришганлар. Жабрланувчи шахс ушбу жиноий гуруҳнинг тажовузлари ва тазйиқларидан қўрқиб, мазкур ҳолат ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёки тиббиёт муассасаларга мурожаат қилмай келган, бироқ жорий йилнинг 31 июль куни соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли, шифохонага «Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, ўнг яноқ суяги синиши, танасида кўплаб шилинган жароҳатлари» ташхиси билан ётқизилган.
Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлигида ўтказилган бир қатор тезкор тадбирлар натижасида, мазкур уюшган жиноий гуруҳ аъзоларидан 2 нафари, яъни 1990 йилда туғилган У.Д. (муқаддам ЖКнинг 164-моддаси («Босқинчилик») ва 166-моддаси («Талончилик») билан судланган) ҳамда 1991 йилда туғилган Ф.Х. (муқаддам ЖКнинг 168-моддаси («Фирибгарлик») ва 176-моддаси («Қалбаки пул ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш») билан судланган)лар аниқланиб, қўлга олинганлар. Жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрилмоқда.
Жорий йилнинг 12 август куни гумонланувчи У.Д.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 224-моддаси асосида баённома расмийлаштириш жараёнида у ўзини ёмон ҳис қилаётганлигини айтиб, тўсатдан йиқилиб ҳушини йўқотган. Ҳолат бўйича тез-тиббий ёрдам чақиртирилиб, ИИО ходимлари томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган, бироқ тез-тиббий ёрдам келгунга қадар У.Д. ҳушига келмай вафот этган. Бирламчи ташхисга кўра гумонланувчининг ўлими «Жигар циррози оғир стадияси, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги» оқибатида юзага келган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан текширув ўтказилмоқда, У.Д.нинг ўлим сабабини аниқлаш бўйича тегишли судга оид тиббий-экспертиза тайинланган, дейилади расмий маълумотда.