Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида бир оиланинг 3 нафар аъзоси ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 14 август куни вилоят ҳудудидан ўтган автомобиль йўлида DAF русумли юк машинаси (бензовоз) ва Lexus иштирокида ЙТҲ содир бўлган. Оқибатда Lexus ёниб кетган.
“Воқеа жойида 42 ёшли Lexus ҳайдовчиси, унинг рафиқаси ва боласи ҳалок бўлди. Бензовоз ҳайдовчиси турли жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган”, дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Қозоғистон Жиноят кодексининг 345-моддаси (автоуловни бошқараётган шахс томонидан йўл ҳаракати қоидаларини ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш, бепарволик туфайли икки ёки ундан ортиқ одамнинг ўлимига олиб келадиган ҳолатларни содир этиш)га кўра, DAF ҳайдовчиси 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши, 7 йилгача маълум лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.