Франция пойтахти Париж шаҳрида 2023 йилнинг 1 сентябридан бошлаб ижарага берилувчи электрон скутерлардан (электросамокатлар) фойдаланиш бутунлай тақиқланади. Бу ҳақда Le Figaro нашри хабар берди.
Қайд этилишича, бундан бир неча ой илгари, 2 апрел куни ўтказилган референдумда Париж аҳолисининг аксар қисми шаҳар кўчаларида электрон суктерлардан фойдаланишни тақиқлашни ёқлаб овоз берган. Бироқ овоз бериш жараёнида 1,3 миллион нафар умумий сайловчиларнинг бор-йўғи 8 фоизи қатнашган ва улардан 89 фоизи мазкур ҳаракатланиш воситаларинининг олиб ташланишига рози бўлган.
Шаҳар мэри Анн Идальго парижликлар ижарага берилувчи электрон скутерларнинг қолишига қарши чиққанини маълум қилган.
«Улар бизга жуда аниқ йўл харитасини беришди ва биз уларнинг қарорларига амал қиламиз», – деган эди у.
Анн Идальго гарчи референдумда жуда оз одам қатнашган бўлса-да, ушбу жараённи «маҳаллий демократиянинг ғалабаси», дея олқишлаган.
Аммо Франция транспорт вазири Клеман Бон уни масхара қилиб, референдум «демократик муваффақиятсизлик» бўлгани ва бу «таҳқирловчи» иштирокда ўзини намоён қилганини таъкидлаган.
Парижда бундай чеклов жорий этилишига электрон скутерлар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг ортиши, ушбу қурилмаларнинг кўпайиши натижасида шаҳар ландшафтининг бузилиши каби омиллар сабаб бўлган. Статистикага кўра, 2021 йилда Францияда скутер билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларда 24 киши ҳалок бўлган. Парижнинг ўзида 2022 йилда электрон скутер ва шунга ўхшаш бошқа воситалар билан боғлиқ 459 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани ва уларнинг оқибатида уч киши бевақт вафот этгани қайд қилинган.
Бундан ташқари фойдаланувчилар томонидан скутерларнинг пиёдалар йўлакларига ташлаб кетилиши шаҳар қиёфасига ҳам салбий таъсир кўрсатиши айтилган. Шу боисдан дунёнинг йирик шаҳарларида электр скутерлардан фойдаланиш шартлари қайта кўриб чиқилиб, назорат кучайтирилмоқда. Масалан, 2023 йил август ойининг бошида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ҳам электросамокатлардан фойдаланиш ман этилган ҳудудлар рўйхати кенгайтирилганди. Сочи шаҳри марказидаги айрим кўчаларда эса электрон скутерларда ҳаракатланиш тақиқлангани ҳақидаги йўл белгилари ўрнатилган. Шунингдек, Россия Давлат Думасига маҳаллий ҳокимият органларига электр скутерлардан фойдаланишни тақиқлаш ёки уларнинг тезлигини чеклаш имконини берувчи қонун лойиҳасини тақдим этиш режалаштирилмоқда.
Парижнинг ўзида ҳам скутерда ҳаракатланиш тезлиги соатига 20 километр билан чекланган. Шунингдек, 18 ёшга тўлмаганлар улардан фойдаланиши ман этилган.
Референдум натижасига кўра, эндиликда 1 сентябрга қадар Франция пойтахтида электрон скутерларни ижарага берувчи уч компания: Dott, Lime ва Tier ўзида мавжуд бўлган жами 15 мингдан ортиқ қурилмани шаҳардан олиб чиқиши керак бўлади. Tier компаниясининг маълум қилишича, ҳозирда компания кунига 450 тадан скутерни Париждан олиб кетмоқда. Шартнома муддати тугашига яқин қолганида эса бу миқдор 750 донага етказилиши мумкин.
Юқорида номи келтирилган уч компания энди электрон суктерларни Франциянинг бошқа шаҳарлари ва Германия, Польша, Бельгия, Италия, Исроил каби мамлакатларга жўнатишни режалаштирмоқда. Шунингдек, улар скутер ўрнига айни пайтда талаб ортиб бораётган бошқа транспорт воситаси – электр велосипедларни ижарага беришда фаолликни оширмоқчи.
Маълумот учун, Париж мэри Анн Идальго шаҳарда транспорт воситаларининг ҳаракатини тартибга солиш бўйича бошқа бир қатор ишларни ҳам амалга оширган. Масалан, Идальго хоним Парижда автомобилларга қарши ҳақиқий «уруш» очган. Уларнинг сони қисқартирилиб, шаҳарда тирбандликлар йўқолган. Шаҳар бўйлаб автомобилда ҳаракатланиш тезлиги соатига 30 километрдан ошмайди. «Парковка»лар сони аввалига 30 фоизга қисқартирилган. Келажакда тўхташ жойларини яна 70 фоизга камайтириш режалаштирмоқда.
Париж аҳолиси кўпроқ пиёда, велосипедда ва скутерда ҳаракатланишни маъқул кўради. Исталган жойдан метрогача бўлган масофа 5 дақиқани ташкил қилади. Метрода юриш учун чипталар бориладиган манзил узоқлигига қараб бир яримдан тўрт еврогача қилиб табақалаштирилган.
Шаҳар ҳокими ишлаб чиқаётган янги концепцияга кўра, Парижнинг ҳар бир туманида одамлар уйидан ишига ёки ўзига керакли бошқа манзилга бор-йўги 15 дақиқа пиёда юрган ҳолда етиб олишлари керак бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 5 июл куни Тошкентда электросамокат билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисасида биринчи ўлим ҳолати қайд этилган эди. Ўшанда йўл бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган 27 ёшли йигит бошқарувни йўқотиб, бетон ариққа тушиб кетган ва орадан олти кун ўтиб шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этганди.
Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Умуман олганда, Тошкентда скутерларни онлайн ижарага бериш хизмати (kicksharing) илк бор 2022 йилнинг май ойида ишга туширилган ва ҳозирда аҳоли орасида жуда тез оммалашмоқда. Аммо қонунчиликда скутерда ҳаракатланишнинг алоҳида тартиб-қоидалари ҳозирча мавжуд эмас. Шу ой аввалида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва минтақавий тадқиқотлар институти экспертлари Ўзбекистондаги йўл ҳаракати қоидаларига электрон скутерлар тушунчасини киритишни таклиф қилди. Институт ходимлари бу борада Россиянинг «Индивидуал ҳаракатланиш воситалари» бўйича тажрибасига мурожаат қилган. Унга кўра, мамлакатнинг маълум ҳудудларида электросамокатлар тезлигини чеклаш, маст ҳолда скутер бошқаришни тақиқлаш, ёшга доир чеклов жорий қилиш, шунингдек, мазкур қурилмаларнинг тунги ижарасига вето қўйиш кўзда тутилган.