Ўзбекистонда расмий маълумотларга кўра 65 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлгани айтилаётган “Док-1 Макс” сиропи давлат рўйхатидан ўтказилаётганда лаборатория текширувидан ўтмагани маълум бўлди. Бу ҳақда 6 сентябрь куни бўлиб ўтган суд мажлисида сўз олган судланувчилардан бири маълум қилди.
Судда сўроқ қилинган аёл Г.С. “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУКда рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи сифатида ишлаганини, “Док-1 Макс” сиропини қайта рўйхатдан ўтказиш жараёнида сиропдан намуналар олинган бўлса-да, улар лабораториядан ўтказилмаганини маълум қилди.
Лаборатория синовлари ўтказилмаган, рўйхатдан ўтказиш бўлими ёки мен атайлаб, ёмон ниятда ёки ўлим ҳолатига олиб келишини билиб туриб, бу нарсани қилмаганмиз. Амалиёт бўлгани учун қисман айбимга иқрорман. Шу сабаб ҳам мана шу ерда (қамоқ эҳтиёт чораси назарда тутилмоқда — таҳририят изоҳи) тўққиз ойдан бери ўтирибман, — дейди судланувчи.
Айбланувчи Г.С. “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУКда 12 йилдан бери фаолият юритаётган бўлса, фаолияти давомида бирор марта рўйхатдан ўтказилаётган дорига лаборатория синовлари ўтказилганини эслолмаслигини билдирди.
Биз лаборатория синовларини ўтказмаганмиз. Биздаги амалиётда бу ҳолат умуман кузатилмаган. Мана шу хатойимизни ҳеч ким бизга айтмаган. Улар бизга экспертиза учун бердинг, менга ҳам намуна тақдим эт дейишлари мумкин эди-ку. Қўмита синов баённомаси бўлиши учун лабораторияга айтиб, кейин бизга ҳам айтса бўлар эди-ку. Бизда амалиёт шунақа бўлган. Адлия вазирлигидан, агентликдан текширувлар келиб-кетган. Ҳеч қачон ҳеч ким бу ҳолатга эътироз қилмаган. Бу ҳақда тергов жараёнлари бошлангач, билдик, ҳамма шунда билди, — дейди рўйхатдан ўтказилаётган дорилар лабораториядан ўтказилмаганини тан олган судланувчи.