Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга кўра, 2024 йил баҳоригача давлат барча истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлай олсагина, аҳоли учун “свет“ нархи кўтарилади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
“Ҳозир эълон қилинган лойиҳада фақат юридик шахслар учун янги тарифлар белгиланиши назарда тутилган, лекин аҳоли учун нархлар ўзгартирилмаяпти.
Аҳоли учун табақалаштирилган тарифларни белгилашдан олдин биз энг аввало узлуксиз электр энергияси етказиб беришни таъминлашимиз керак. Яъни нарх ошсаю, лекин яна электрда узилиш бўлаверса, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлади. Шу сабабли биз ҳозирда генерацияларни ошириш, тармоқларни модернизация қилиш ишларини жадаллаштиряпмиз.
Агар узлуксиз электр етказиб беришни таъминлай олсакгина, аҳоли учун электр энергиясида табақалаштирилган тарифларни 2024 йилнинг 1 майидан жорий қилиш бўйича лойиҳани Ҳукуматга киритишни режалаштиряпмиз. Лекин бу айнан шу кундан нарх ошади, дегани эмас, ҳозирча барчаси лойиҳа холос.
Табақалаштирилган тариф деганда белгиланган “ижтимоий норма”дан кўп электр истеъмол қилаётган, айтайлик уйида бассейни, саунаси, кўплаб маиший техникалари бор хонадонлар, яъни нисбий олганда бой ва ўзига тўқ хонадонлар учун нарх ошади, дегани. Ҳозир 85% аҳоли бир ойда 300 кВ•соатгача электр истеъмол қиляпти. Лекин қолган 15% аҳоли ишлатаётган электр энергияси ҳажми мана шу 85% аҳолиникидан кўпроқ“, — деди энергетика вазири.
Маълум қилинишича, май ойида жорий этилиши мумкин бўлган кутилаётган тариф 1 кВт электр энергияси учун 450-500 сўмни ташкил этади. Ҳозирда жисмоний шахслар учун 1 кВт электр энергия 295 сўм.