Аввалроқ Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев ўзини рағбатлантириш учун 75 миллион сўм маблағ ажратиш ҳақида қарор чиқарган эди. Ҳокимнинг ушбу қарори амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига зид тарзда қабул қилинганлиги аниқланиб, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг тақдимномасига биноан қарор бекор қилинди.
Қайд этилишича, Қарши шаҳар ҳокимининг 2023-йил 25-августдаги қарори амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига зид тарзда қабул қилинган. Ҳолат бўйича вилоят ҳокимлигига коррупсияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритилган. Унга асосан, вилоят ҳокимининг 2023-йил 19-сентябр куни 414-4-0-Q/23-сон қарори билан Қарши шаҳар ҳокимининг ушбу қарори бекор қилинган.
Шунингдек, мазкур ҳолатда қонунбузилишига йўл қўйган шахсларга тегишли қонуний чора кўриш учун Агентлик томонидан тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юборилган.