Исроил ва Хамас ўртасидаги ихтилоф аслида ҳеч қачон тўхтамаган ва тўхтамайди ҳам. У, шунчаки, кейинги йирик тўқнашув юз бергунгача музлатиб қўйилади, холос.
Томонлар ҳар беш-ўн йилда йирик ҳарбий тўқнашувларга кириб туради. Масалан, 2014 йилги охирги уруш 50 кун давом этган ва унда уч мингга яқин фаластинлик, 75 исроиллик ҳалок бўлган.
Томонлар муросага келиши мумкинми?
Бу имконсиз. Биринчидан, Хамас Исроилни давлат сифатида тан олмайди. Гуруҳнинг олий мақсади Исроилни йўқ қилиш ва ўрнига Фаластин давлатини қуриш.
Иккинчидан, Исроил ва бошқа кўплаб давлатлар, хусусан, АҚШ Хамасни террорчи ташкилот деб эълон қилган. Шу боис Исроил Хамас билан ҳеч қачон музокарага кирмайди.
Хамас ўзи қандай гуруҳ?
Хамас 1987 йил Фаластин Озодлик Ташкилотига мухолиф партия сифатида пайдо бўлган. Унинг сиёсий ва ҳарбий қанотлари бор. Сиёсий қаноти 2006 йил Фаластин қонунчилик органи учун кечган сайловда кўпчилик ўринларни қўлга киритган. Шундан бери Ғазо секторини бошқариб келади.
Ташкилотнинг ҳарбий қаноти Исроилга қарши кураш олиб боради.
Канада, Европа Иттифоқи, Исроил, Япония ва АҚШ Хамасни террорчи ташкилот деб эълон қилган. Австралия, Янги Зеландия, Парагвай ва Британия унинг фақат ҳарбий қанотини террорчи ташкилот деб билади. 2018 йил БМТ Бош ассамблеяси Хамасни террорчи ташкилот деб топиш ҳақида АҚШ таклиф этган резолюцияни қабул қилмаган.
Исроил ҳақида икки оғиз
Исроил 1948 йил БМТ резолюцияси асосида ташкил этилган давлат. Унгача Исроил давлати бўлмаган; у эгаллаб турган барча ҳудудлар Фаластин номи остида Британия назоратида бўлган. Британия Фаластинни 1-жаҳон уруши даврида усмонийлардан тортиб олган.
Мустақил давлат талаб қилаётган яҳудийларнинг террор хуружларидан тўйган Британия 1948 йил Фаластинни ташлаб чиқишга қарор қилади. Шундан сўнг БМТ резолюцияси асосида бу ерда яҳудий ва араб давлатларини ташкил қилиш тавсия қилинади. Араблар бунга рози бўлмайди; аммо яҳудийлар куч ишлатиб, БМТ берган ҳудудлардан арабларни қувиб чиқариб, ўз давлатини ташкил этишга эришади.
Араб-Исроил ихтилофи шундан бери мавжуд. 1967 йил Исроил Миср, Иордания ва Сурияга ҳужум қилиб, олти кун ичида уларинг армияларини шармандаларча тор-мор этади ва Ғарбий Соҳил, Шарқий Қуддус, Ғазо сектори, Гўлан тепаликлари ва Синай ярим оролини; хуллас, бутун Фаластин ҳудудини ва Сурия ҳамда Мисрнинг бир қисмини босиб олади.
Шундан бери бу ҳудудлар (Синай яримолидан ташқари) Исроил босқини остида. Шундан бери фаластинликлар БМТ резолюциясида ваъда қилинган ўз давлатини амалда қура олмаяпти.
БМТ ва дунёнинг деярли барча давлатлари Исроилни босқинчи сифатида тан олган ва ундан 1967 йилда эгаллаб олган ҳудудлардан чиқиб кетишни талаб қилиб келади. Бу ҳақда БМТ томонидан камида 45 та резолюция қабул қилинган.
Исроил бу резолюцияларнинг бирортасига риоя қилмаган.
Сўнгги ихтилофнинг бошланиши
Исроил босқин остидаги Шарқий Қуддусдан арабларни қувиб чиқариш сиёсатини узоқ йиллардан бери давом эттириб келади. Бунга оид сўнгги можаро Шайх Жарра маҳалласида юз берди. Бир гуруҳ араб оилаларини бу ердан чиқариб юбориш ҳақида суд ҳукми кутилаётган пайтда фаластинликлар норозилик намойишларини бошлайди.
Тўқнашувлар кучайгач, Исроил полицияси мусулмонлар учун дунёда 3-энг муқаддас маскан бўлган «Ал-Ақсо» масжидига бостириб киради. Бутун дунё мусулмонларини ларзага солган бу воқеа ортидан Хамас Исроилга масжид ҳудудини кечки соат олтигача тарк этиш бўйича ультиматум қўяди. Акс ҳолда ҳужумга ўтиши ҳақида огоҳлантиради. Исроил бу талабга риоя қилмагач, Хамас ракета отишни бошлайди. Бунга жавобан Исроил ҳам Ғазони бомбалашга тушиб кетади.