Айбни бировга ағдариш, ўз камчиликларини хаспўшлаш қусури бизнинг жамиятда ҳалиям устунлик қилмоқда. “Тошкент метрополитени” ДУКнинг йўловчиларга йўллаган қайноққина мурожаати бунга бир мисол.
Жамоат транспортидан фойдаланувчилар жуда яхши билишади: метро энг ноқулай шаҳар транспортига айланиб қоляпти. Йўловчилар оқими кўпайган бўлса-да, ҳаракатлар интервали узоқлигича турибди, метро поездларини кўпайтириш ҳақида фақат ваъдалар берилади, холос. Оқибатда куннинг тиғиз пайтларида вагонга чиқиш жанг майдонига айланади…
Энг ёмони вагон ичида ҳаво етишмаслиги туфайли йўловчиларнинг аҳволи оғирлашиб қолаётганига кўп гувоҳ бўляпмиз. “Тошкент метрополитени” бундан хулоса чиқариш ўрнига айбни биз, йўловчиларнинг ўзига тўнкаб қўя қолибди. Нима эмиш, нормадан ортиқ юклама тушиши метро поездларини тез-тез бузилишига олиб келаётган эмиш. Тағин йўловчилар метрополитендан фойдаланиш қоидаларига риоя қилмаётганмиш…
Метро йўловчилари жунглидан чиққан қавм эмас. Транспортдан фойдаланиш қоидаларини жуда яхши билишади. Агар улар ўзини тиқилинч вагонга ураётган бўлса, буни фақат мажбурликдан қилмоқда, холос. Чунки кейинги вагонни кутиш бефойда эканлигини, улар ҳам тўлиб-тошиб келишини бошидан кўп ўтказган.
Аслида, тўлаган пулига яраша хизмат кўрсатмангиз учун уялишингиз керак. Йўловчиларни ноқулай вазиятга дучор қилаётганингиз учун узр сўрашингиз лозим. Энг қиммат неъмат бўлган вақтини ўғрилаётганингиз учун кечирим сўрашингиз керак. Ўз ишингизни эплай олмаётганингизга ҳам жим туриб чидаётган халққа таъзим қилишингиз даркор, жаноб метрополитенчилар!