Дренаж тизимига — 700 млн, «бир пиёла чой» ичун — 10 миллиард

Тасаввур қилинг: ёғингарчилик, совуқ кунлар яқинлашяпти. Ёмғир ёғса, уйингизнинг томидан чакки ўтади, деразаларингиз эскириб кетганидан совуқ шамол киргани кирган. Сиз шу вазиятда жамғарган пулингизни уйингиз таъмири учун сарфлайсизми, ёки қишда ҳоли хароб бўладиган ҳужрангизда ката-катта зиёфатлар берасизми?

Менимча, кўпчилик уйимни таъмирлайман деб жавоб берса керак, қаҳратонда қалтираш кимга ҳам ёқади дейсиз. Зиёфатлар эса тўкинчиликда, муаммолар камайганда ярашади. Аммо пойтахтимиз ҳокими бундай фикрда эмас, шекилли.

Гап шундаки, бугун Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори чиқди. Унга кўра, “Оталар чойхонаси”, “Уч авлод учрашуви” ва “Бувижонлар мактаби” тадбирларини ўтказиш ҳамда “бир пиёла чой” учун бюджетдан 10 млрд сўм маблағ ажратилди. Бу пуллар “Нуроний” жамғармасининг Тошкент шаҳар бўлимига ўтказиб берилади.

Бундан кўриниб турибдики, “зиёфат”лар учун 10 миллиард сўм ажратилди. Хўш, эски томнинг ямоқлари учунчи? Қиш келиши билан бўй кўрсатадиган одатий муаммолар учун қанча сарфланади?

Бу борада ҳам тегишли қарор 7 апрел куни Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умрзоқов томонидан имзоланган. Ҳужжатда айтилишича, канализация ва дренаж тизимини таъмирлаш, янги бетон лотоклар ётқизиш учун пойтахт бюджетининг захира фондидан 700 млн сўм миқдорида маблағ йўналтирилади.

Муаммони ҳал этиш учун 500 миллиард керак

Эсингизда бўлса, апрел ойида икки соатлик ёмғир бутун шаҳар бўйлаб канализация-дренаж тизимида коллапсга олиб келганди Ҳокимлик буни Тошкент шаҳридаги мавжуд дренаж тармоқлари кучли ёмғирга бардош бера олмаслиги билан изоҳлаган эди ўшанда. Пойтахтдаги мавжуд дренаж тизими 1970 йилларнинг бошида лойиҳалаштирилгани ва 1990 йилларгача фойдаланишга топширилгани ҳақида маълумот берилган эди.

Олдинроқ “Шаҳардаги ирригация ва дренаж тармоқлари капитал таъмирга муҳтож, бунинг учун, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 500 млрд. сўмдан ортиқ маблағ талаб этилади…”, дея баёнат берган ҳам шу ҳокимликнинг ўзи.

Муаммони масъуллар билмайди эмас, билади. Лекин нега еб-ичиш ва халқ учун фойдаси номаълум тадбирлар учун миллиардлар ажратилаверади?

Бу ҳар доимгидек Тошкент шаҳар ҳокимлигининг одамларни қийнаётган муаммоларга «ўзига хос ва ўзига мос» ёндашувидир.

Шахруза САТТОРОВА