Халқ билиб айтган: Замон зўрники! Гап шундаки, 28 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини обрўсизлантириш мақсадида фото ёки видеотасвирга олиб интернет орқали тарқатганларни жарими ёки 15 суткагача қамоқ билан жазолашни назарда тутувчи қонунни қабул қилди.
Муҳокамалар пайти депутат Дониёр Ғаниев янги киритилаётган норма бугун Президент томонидан юритилаётган очиқлик сиёсатига зидлиги ҳақида гапирган. Аммо айрим депутатларнинг эътирозига қарамай қонуннинг тасдиқлангани жамоатчилик орасида кескин танқидга учради ва бу баҳслар ҳали-хануз давом этмоқда.
Айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар (мисол учун ички ишлар) ходимларига халқнинг ишончи мўрт экани, бунга эса баъзи ходимларнинг қонун ва хизмат вазифаларини суистеъмол қилиб ўзларига бўлган ишончга путур етказаётгани сабаб экани кўпчиликка маълум. Ўз вазифасини ниқоб қилиб, одамларга зулм ўтказадиган айрим кучишлатар ходимлар устидан жамоатчилик назоратига қарши мустаҳкам тўсиқ сифатида баҳоланмоқда бу янги меъёр.
Кўплаб қонунбузарликлар фото ёки видеоси ижтимоий тармоқ ва ОАВда эълон қилингач, жиноят иши қўзғатилади. Бунинг учун жабрланувчи ёки гувоҳ аризаси шарт бўлмайди. Аммо, мазкур лойиҳа орқали тизим ўзини бутунлай ҳимоялаб олаётган кўринади.
Ортга қайтиш… ми?
Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиев шундай ёзмоқда: «Бу шу деганики, эртага бирорта нопок, ўз ишига нолойиқ ва қонунбузар ички ишлар ходимининг видеоси ёки суратини интернетга жойласангиз, сизга жамоатчилик назоратидаги фаоллигингиз, тизимни тозалашдаги ёрдамингиз учун раҳмат айтишмайди, балки аксинча 15 суткагача тиқиб қўйишади”.
Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров ҳам баҳсли қонуннинг қабул қилинишини «Ўзбекистонни полиция давлатига айлантириш йўлида катта қадам» деб атаган. «Биз маиший ташвишларга ўралашиб, масалан, свет ва сув учун курашиб ётган пайтда, Ўзбекистонни полиция давлатига айлантириш йўлида катта қадам ташланибди. Полиция давлатига айланган давлатда полиция репрессиялардан холи бўлади, деб ўйлаётган бўлсангизлар, қаттиқ адашасизлар», – дея эҳтимолий хатардан огоҳлантирган О.Бакиров.
«Демак, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўз ичидаги билимсиз, қўпол, қонунбузар ходимларининг ҳаракатларини халқдан яширмоқчи. Чунки уларни тарбиялай ҳам олмади, йўқотиб ҳам қутулмади. Бундан буён қийноқлар оқибатида ўлаётган фуқаролар, қонунни бузаётган зўравон ходимлар ҳақида ҳеч ким хабар топмайди ва жиноятлар яширилади. Бошқа бирорта соҳа ва касбни ҳимоялаш учун бундай жазо белгиланмаган. Одатда тоталитар режимли давлатларда шу каби қонунлар бўлади. Чунки улар халқ уларнинг қонунбузарлигини кўришини истамайди. Афсуски, бу Ўзбекистон тарихидаги энг катта ортга қайтиш даври», дея фикр билдирган собиқ депутат ва жамоат фаоли Расул Кушербаев.
Қўрқоқ олдин мушт кўтарар
Бу фикрларда жон бор албатта. Ҳозирги қонунларимизда ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан қаршилик қилганларга жазо бор. Ҳақорат қилганлик учун (хоҳ ҳаётда, хоҳ интернетда), туҳмат қилиб, шахсни обрўсизлантирганлик учун ҳам жазо бор. Нормал ҳуқуқий давлатда бу қоидалар барча учун амал қилади.
Шундай экан ушбу табақаланган қарордан мақсад нима? Ёки «қўрқоқ олдин мушт кўтарар» қабилида, тизимнинг обрўси қолмагани, номақбул ҳаракатлари орқали ўзини ўзи шарманда қилаётган ходимлар кўплиги қонунан тасдиқланиб, тан олиняптими? Акс ҳолда бўлса, нима учун обрўсизланишдан қўрқиб, ҳимояланишмоқда?