Мижозларини «копейка»га олмайдиган авиакомпаниялар қачон ўзгаради???

Хизмат сафари бўйича республикамиз бўйлаб самолётда учишга мажбур бўламан кўпинча. Ўзим иштирокчи бўлган мана оддий бир ҳолатга эътиборингизни қаратсам. Silkavia’нинг самолётлари жудаям зўр. Шароити, ихчамлиги, тезлигига эса умуман гап йўқ. Билет нархи 775 минг сўм, аммо хизмати… икки тийинга қиммат. Ишонмасангиз учиб кўринг.

Тахминан 15 кун аввал Урганчдан Тошкентга 17.30 да учиш учун, 16.30 да Урганч халқаро аэропортига келдим. Ҳамма қатори рўйхатдан ўтдим. Аммо соат 18.00 бўлди ҳамки биров лом-мим демаса. Ўзим бориб сўрадим: “Ҳурматли яхши инсонлар бу ерда далага йиғилган қўйлар ўтирибди, деб ўйлаётган бўлсангиз ҳам илтимос, қачон учишимиз ҳақида маълумот беринглар. Ёш болалар, қариялар, қорни очлар, ногиронлар, сайёхлар бор ахир», дедим. Нима эмиш, самолёт Муйноқдан ҳали учмабди. Наҳотки шуни эълон қилиб қўйиш қийин бўлса?!.

Хуллас, “доҳийлар”нинг Silkavia хусусий авиакомпанияси ходимлари вақтига қараб ярим кечаси учиб келдик.

Майли қўйдек ювошликка ўрганиб қолганмиз, буни эса “ўзбекчилик” деймиз. Уйимизга келганимизга шукр!!!

Энди эса бугунги ҳолат. Яна “бахтим очилиб” Silkavia компанияси билетини олишга мажбур бўлдим. Соат 12.25 да учадиган самолётга йўллар тирбанд бўлгани учун, яъни техник сабаб 12.02 да зўрға етиб келдим.

Самолёт 7 минутга “задержка” бўлибди. Ўтиниб, ялиниб, илтимос қилиб сўрасам ҳам рад жавобини олдим. Компания ходими Лена исмли аёлга жудаям илтимос қилдим, бўлмади. Бир минут “задержка” 100 евро деди, майли 5 минутга 500 евро тўлайман десам ҳам бўлмади…

Кейин эса Ўзбекистон ҳаво йўллари авиакомпанияси яхши деб, соат 20.20 га бошка билет олдим. Пулимиз ҳам вақтимиз ҳам Андижон шевасида айтганда “симидан”-ку. Яна кечикмаслигим учун 18.30 да етиб келдим. Тахминан 19.10 да овози чиройли аёл самолёт бир соатдан ортиқроқ “ушланиб қолаётгани”ни айтса бўладими?

Ҳурматли авиакомпания раҳбарлари! Шу соҳага масъуллар! Мана энди савол:

Биринчидан. Айтингчи, 5 дақиқа кечиксак қоида бўйича биз пулимизга ва вақтимизга куямиз, яъни бошка билет олишимиз керак. Аммо нима учун сиз “доҳийлар” бемалол 1 соату 30 дақиқа самолётни кечиктириб, сизнинг наздингизда “қўй бўлган йўловчилар”га ҳатто бу ҳақда эълон қилиб қўйишни ҳам ўзингизга эп кўрмайсиз? Инсон қадрини ўйлаган ҳолда, ўзингиз томонингиздан қай усулда кетган вақтимиз ва пулимиз учун нима деб жавоб берасиз?

Иккинчидан. Хўп, самолёт учиши кечикиши мумкин, буни тушунамиз, аммо нима учун ҳеч бўлмаса самолёт кечикаётгани ҳақида SMS хабар бермайсизлар? Билет сотиб олганимизда телефон рақамимизни сурайсизлар-ку.

Учинчидан. Нима учун рўйхатдан ўтиш учун бир соат олдин келиш ҳақида SMS хабар жўнатилмайди?

Тўртинчидан. Билетларингиз нархи Дубай, Тайланд ёки Туркияга бориб келишдан қиммат, аммо нима учун мижозларга таклиф этаётган кўп хизматларингиз бир тийинга қиммат? Масалан, Туркияда ҳар соатда ички, яъни маҳаллий авиақатновлар бор. Билет нархи ҳам 20 $ дан ошмайди.

Биз Тошкентдан Урганчга ёки Нукусга бормокчи бўлсак авиакомпанияларнинг “авлиё” ходимлари вақтига, кайфиятига қараб билет оламиз. Агар улар бир кунда бир марта ёки икки марта вақти бўлса учиб боришимиз мумкин, бўлмаса йўқ. Билет нархи эса салкам бир миллион сўм.

Бешинчидан. Бунга чидамаганлар ҳаётини хавфга қуйиб 300 минг сўмга таксида кетади ва “атиги” 14 ёки 16 соатда етиб боради. Сизнингча одамларнинг вақти шунчалик бемалол, жонини хавф-хатарга қўйиши виждонингизни заррача қўзғатмайди. Ҳар йили ана шу йўлларда қанча автоҳалокат бўлиб, қанча одам ҳалок бўлаётганини майли айтиб ўтирмайин.

Олтинчидан. Бири биридан қўпол ходимлар, ўз тилини, давлат тилини билмайдиган, ҳурмат ҳам қилмайдиган пилотлар. Қачонгача ўз юртингиздаги мижозларни (агар ўзбекистонлик бўлсангиз) ҳурмат қилмайсизлар? Билетни текинга олмаяпмиз-ку!

Еттинчидан. Оддий қўл телефонингизни қувват олдириш учун маълумот хонасидан илтимос қилсангиз, мумкин эмасмиш. Кофе сотадиган жойдан ҳам сўрадим, мумкин эмас, дейди. Кўрсатилган сабаб аҳволини қаранг, видеокамерада раҳбар қараб турармиш. 180 минг сум жарима экан. На кулишни биласан, на йиғлашни.

Хулоса: Бу гаплар кимгадир қизиқ, кимдир учун эса бир пул. Бу билан муаммо ҳал бўлмаслигига ҳам минг фоиз кафолат бераман.

Ҳурматли авиакомпания каттакону кичкинатойлари!!! Омадингизни берсин, лекин ўйламанг сизларга ҳам бир “мукофот” бор албатта.

Инсон қадри бизда қай даражада эканини билмоқчимисиз, марҳамат ўзимизнинг исталган авиакомпания хизматларидан фойдаланиб кўринг, ўзингиз ишонч ҳосил қиласиз…

Мана, ҳозир соат 21.10 бўлди, аммо, самолётимиз ҳали ҳам келмаган. Билетда эса учиш вақти 20.20 кўрсатилган.

Яна шу гап, 5 дақиқа кечиксангиз самолётга чиқмайсиз, гап тамом, аммо ўзлари хоҳлаганча кечикаверади, чунки мижоз ҳам, унинг ҳуқуқи ҳам улар учун “копейка”. Эҳ, ўзбегим а, пешонаси шўр ўзбекчилик…

Ниҳоят 22.10 да самолётга чиқдик…

Шуҳратжон АХУНЖАНОВ,

журналист