Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) томонидан “Ўзбекистон кўчмас мулк ва ипотека бозори” ҳисоботи тайёрланди. Ҳисобот Бизнесни ривожлантириш банки ҳомийлигида тайёрланиб республика бўйича уй-жой нархлари, кўчмас мулк бозорининг жорий ҳолати ва келажаги ҳамда фундаментал ва иқтисодий омилларга асосланган пуфак хавфи тўғрисидаги таҳлиллар билан биргаликда 5455 аҳоли ва 141 қурилиш компаниялари орасида ўтказилган сўров натижаларини ҳам ўз ичига олади.
Асосий хулосалар:
➖Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари учун ҳисобланган “пуфак индекси” нархлар пуфак хавфи чегарасига яқинлашиб бораётганини кўрсатмоқда. Пойтахтда ўртача таъмирланган 2 хонали хонадон сотиб олиш учун талаб этиладиган муддат (ўртача иш ҳақига нисбатан) 10 йилгача етган. Бу борада Тошкент шаҳри Токио, Париж ва Лондон шаҳарларига деярли етиб олган (УБС, 2023).
➖Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари ўзгариши ва унинг ижарасидан келадиган умумий йиллик даромадлилик жисмоний шахсларнинг чет эл валютасидаги узоқ муддатли депозитлар бўйича ўртача фоиз ставкасидан (2023 йил сентябрда 5,3%) анча юқори ҳисобланади.
➖Ўтган йилларда аҳоли сонининг 1%га кўпайиши уй-жойга бўлган талабнинг 0,8%га ошишига олиб келган.
➖2021-2023 йилларда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўртача ҳисобда уй-жой сотиб олувчи ҳар бешинчи киши ипотека кредитларига мурожаат қилган. Бу эса ушбу ҳудудларда аҳоли уй-жой сотиб олишда асосан ўз маблағларидан фойдаланаётганлигидан далолат беради.
➖ Ҳудудларда 1 кв.м. учун кадаст ҳужжатлари чиққандан кейинги нарх кадастр олишдан олдинги нархдан ўртача 19-20%га қимматлашади. Пойтахтда эса ушбу кўрсаткич 35-39%гача етади.
➖Уй-жой нархларининг 500 млн сўмдан ошиши аҳолининг 80%дан ортиғининг уй сотиб олиш имкониятларини пасайтириб юборади.
➖Аҳолининг аксарият қисми ипотека кредити ёки уй-жой нархини бўлиб тўлаш учун ойига 4 млн сўмгача тўлаш қобилиятига эга.