Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти Ўзбекистоннинг яшаш учун энг қулай шаҳарлари рейтингини эълон қилди. Мамлакатдаги яшаш учун энг қулай шаҳарларнинг кучли бешталигидан Тошкент шаҳри биринчи ўринда қайд этилди.
Рейтингни тузишда таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилма, барқарорлик, маданият ва атроф-муҳит йўналишларида жами 27 та миқдорий ҳамда сифат кўрсаткичидан фойдаланилган. Рейтинг республиканинг аҳолиси сони 40 минг кишидан ортиқ бўлган 30 та шаҳри учун ишлаб чиқилди.
Энг юқори, энг қуйи
“Натижаларга кўра, республикадаги яшаш учун энг қулай шаҳарларнинг кучли бешталигидан 100 балли тизимда Тошкент (79,1 балл), Урганч (76 балл), Бухоро (75,4 балл), Самарқанд (70,6 балл) ва Навоий (68,1 балл) шаҳарлари ўрин эгаллади.
Рўйхатнинг энг қуйи бешталигидан Бекобод (35,3 балл), Хонобод (35,3 балл), Янгиер (33,5 балл), Оҳангарон (32,9 балл) ҳамда Қувасой (26,4 балл)шаҳарлари жой олди”, — дея маълум қилди институт.
Рейтинг бўйича яшаш қулай бўлган шаҳарлар ўнталигидаги шаҳарларнинг барчаси вилоят марказлари ҳисобланади. Рейтинг поғоналари бўйича улардан кейинги ўринларни Қўқон (13-ўрин), Хива(14-ўрин) ва Чирчиқ (16-ўрин) каби шаҳарлар эгаллади.
Таълим ҳамда тиббиёт йўналишида Бухоро, Гулистон ва Урганч етакчилик қилаётгани, инфратузилма борасида Урганч, Навоий ва Тошкент нисбатан олдинда экани қайд этилган. Ижтимоий-иқтисодий барқарорлик бўйича Тошкент, Урганч ва Гулистон, маданият ва атроф-муҳит йўналишида Тошкент, Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари етакчи экани келтирилган.