Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатида 32 нафар ўқувчи заҳарлангани айтилмоқда. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳолатга изоҳ берди.
Унга кўра, Сариосиё туман ихтисослаштирилган мактаб-интернатида 402 нафар ўқувчига 37 нафар ўқитувчи, 8 нафар тарбиячи таълим-тарбия бериб келади. Мактаб-интернат ётоқхонасига 120 нафар ўқувчи жойлашган бўлиб, шундан 32 нафарида 2024 йил 18 январь куни соат 22:00-24:00 оралиғида соғлиғи билан боғлиқ кўнгил айниши, ошқозонда ва қоринда оғриқлар кузатилди.
Мазкур ҳолат бўйича мактаб-интернат ҳамшираси биринчи ёрдам кўрсатди, фойдаси бўлмагач тез ёрдам ходимларининг кўрсатмасига кўра туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилди. Маълумот ўрнида мактаб-интернат ошхонасида аутсорсинг асосида “Азизбек Омад учқуни” МЧЖ фаолият олиб боради.
19 январь куни Сариосиё туман Санитария ва эпидемиология осойишталик маркази томонидан мактаб-интернат ошхонасининг санитария ҳолати тўлиқ ўрганилиб, 18 январь куни ўқувчиларга берилган нонушта, тушлик ва кечки овқат намуналари таҳлил учун олинди.
Ҳозирда барча ўқувчиларнинг соғлиги яхши, дарс жараёнларда фаол иштирок этмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаймизки, вазият ИИБ, СЭС ҳамда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан назоратга олинган.