«Қизим 47 кун комада ётди, даволатиш учун ойига 38 миллион сарфлаяпмиз» — “Док-1 Макс” сиропидан жабрланганлар рўйхатидан тушиб қолган фуқаролар мурожаат билин чиқди

Ўзбекистонда болалар шамоллашига қарши қўлланилган “Док-1 Макс” сиропи энг камида 68 боланинг ўлимига сабабчи бўлгани, 16 нафар боланинг оғир, 2 нафар боланинг эса енгил тан жароҳати олишига олиб келгани маълум қилинганди.

Бироқ жабрланувчилар рўйхати 18 нафардан кўп бўлиши ҳам мумкин. Бугун ижтимоий тармоқларда жиззахлик бир отанинг мурожаат билан чиққани тарқалди.

Мурожаат эгасининг айтишича, улар ҳам «Док-1 Макс» ичиб, ногирон бўлиб қолган жабрланувчилар рўйхатидан тушиб қолган.

Муслима қизимиз, “Док-1 Макс” сиропидан тан жароҳати олиб, ногирон бўлиб қолган. Биз бу ҳақда 2023 йилнинг 17 август куни ДХХ тергов бошқармасида гапириб берганмиз. Жабрланувчи сифатида тегишли ҳужжатларни ҳам тақдим қилганмиз. Аммо бугунги кунга келиб, набирамиз жабрланувчилар рўйхатидан тушиб қолгани аниқланди. Суд бўлаётганини эшитиб, судга келганимизда биз рўйхатда йўқлигимиз учун чақирилмаганимизни айтишди. Аммо ДХХнинг вилоят бошқармаси бошлиғи Муслима қизимизнинг ҳолати бўйича бошланган иш тергов қилиниб, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига юборилганини билдирган, — дейди Улуғбек Улкенов.

Қизим 7 ёшда, дорини ўзим олиб келиб берганман. Уч кун уч маҳал ичган. 47 кун комада ётди, 8 ой болалар тиббий марказида даволанди. Ҳозир болам биринчи гуруҳ ногирони бўлиб қолган, — дейди жабрланувчининг отаси Илҳом Азимов .

Мурожаатчининг айтишича, айни кунда 7 ёшга етган Муслимани даволатиш учун ойига 38 миллион сўм миқдорида маблағ сарфланмоқда. Илҳом Азимовнинг маълумот беришича, қизини шифокорлар кўрсатмасига асосан вақти-вақти билан Тошкентда даволатиб қайтади.

Терговда барчасини айтиб бергандик. Судга келсак, рўйхатда сизларнинг фамилиянгиз чиқмаяпти дейишди. Уч-тўрт кишининг исми рўйхатдан чиқмаётган экан, — дейди у.