Ўтган йили, яъни 2023 йилда ғалла ҳосили илк бор 8 миллион тоннага етди. Бу ҳақда Президент бошчилигидаги йиғилишда сўз борди.
Яқин-яқингача Ўзбекистон ғалла маҳсулотларининг катта қисмини қўшни Қозоғистон Респубиликасидан импорт қилиб келар эди. Аммо 2021 йилга бориб вазият ўзгарди. Ўша йилда юз берган қурғоқчилик сабабли Ўзбекистонда дон етиштириш ҳажми камайиб кетганди.
Энг кўп ғалла Қозоғистондан импорт қилинарди
Ўзбекистон ғалланинг катта қисмини Қозоғистондан импорт қилар эди. Аммо, 2021 йилда Қозоғистонда ҳам ғалла ҳосили олдинги йилларга нисбатан кам бўлди. Устига устак, Россия ва Украина ўртасидаги зиддият туфайли Россия томонидан дон экспорти тўлиқ тўхтатиб қўйилди.
Бунинг ортидан ўзи ҳам Россиядан дон импорт қилувчи Қозоғистон ўзининг буғдой экспортига бироз муддат чеклов ўрнатди. Натижада эса минтақа бозорларидаги нархлар ошиб кетди.
2021 йилги мавсумда мамлакатимизда жами 6,7 млн тонна буғдой етиштирилган бўлса, шундан 2,5 млн тоннаси республика захирасига жойлаштирилган, 4 млн тоннаси эса фермерлар ва аҳоли ихтиёрида қолганди.
Эркинлаштириш тизими нархни каррасига оширди
Вазиятдан келиб чиққан ҳолда мамлакат раҳбарининг топшириғи билан айнан ғалла етиштириш ва савдо-сотиғи борасида эркинлаштириш тизими йўлга қўйилди.
2021 йилнинг 1 июндан бошлаб Ўзбекистонда давлат ғаллани бозор нархларида сотиб олди. Фермер ва кластерлар ўзлари етиштирган донни биржада сотишлари мумкин бўлди. Доннинг харид нархи 1,55 млн сўмдан 3 млн сўмга ошди.
Рақобат руҳи йўқ эди
Айтиш лозимки, 2021 йилгача давлат ресурсларига харид қилинган буғдойдан фақат «Ўздонмаҳсулот» компанияси тизимидаги корхоналар томонидан ун ишлаб чиқарилгани учун бозор иқтисодиётида рақобат руҳи сўниб қолган эди.
Жорий этилган тизимдан сўнг эса, рақобат пайдо бўлди, тадбиркорлар сифат ва нарх жиҳатдан устунликка эришишга интилишни бошлади.
Ўтган йили дала меҳнаткашларига 10 минг 500 дан ортиқ юқори унумли техника ва агрегатлар етказиб берилди.
Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида бугунга келиб мамлакатимиз 8 миллион тоннадан ортиқ ғалла ҳосилига эришди. Бу кўрсаткичнинг ошиши, аграр соҳасидаги юқори самарадорлик Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги ва нархлар барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Фермерлар учун имкониятлар
Эндиликда Фермерлар манфаатдорлигини янада ошириш учун бу йил ғаллачиликда ҳам янгиликлар қилиниши кутилмоқда.
Жумладан, жорий йилда пахтадаги каби ғаллада ҳам имтиёзли кредитни тўғридан-тўғри фермерга бериш тизими жорий қилинади.
Бундан ташқари, давлат ресурси учун харид қилинган буғдойни даладан ташиб келиш ва сақлаш харажати 2024 йилда ҳам тўлиқ бюджетдан қопланади.