Илм-фанга суянган жамият ва давлат ютқазмайди. Мактаблар эса бўлғуси олим, қобилиятлиларни тайёрлаш ва аниқлашда энг муҳим босқич. Бироқ бу тизимда яхши натижалардан кўра тобора катталашаётган муаммоларимиз кўпроқдек.
Гоҳ хориж тажрибаси, гоҳ ҳали дунё кўрмаган тажрибаларни қўллайвериб, тизимнинг ҳам, таълимнинг ҳам боши айлантириб юборилди.
Бугун муҳокамаларга сабаб бўлаётган навбатдаги, мактаблардаги давомат масаласини Миллий гвардия назорат қилиши тажрибасининг умри қанча бўлар экан? Бу тизим ўзини оқлайдими? Ёки «салла деса каллани олиб келгувчилар» шарофати билан кўзланган мақсаддан узоқлашиб кетиладими? Бу борада жамоатчилик фикри қандай?
Ўзи бу гап қаердан чиқди?
5 февраль куни Президент бошчилигида ижтимоий соҳадаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда ўтган йили вояга етмаганлар 3,5 мингта жиноят содир этганлиги маълум қилинди. Шундан 2 минг 280 нафарини мактаб ўқувчилари ташкил қилади.
Президент Болалар масалалари бўйича миллий комиссияга масъул ҳокимлар ўқувчиларнинг шароити ва тарбияси билан шуғулланмаётганини таъкидлаб, мактаблардаги инспектор-психологлар штати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига ўтказилишини маълум қилди.
Ушбу қарордан сўнг Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва Миллий гвардия ҳамкорлигида махсус Ишчи гуруҳ тузилди. Ота-оналарга огоҳлантириш хатлари етказилиб, мактабларга Миллий гвардия ходимлари бириктирилди.
Таълим тизимидаги «хўжайинлар» биттага кўпайди
Ушбу янгилик эълон қилинган куниёқ ижтимоий тармоқларда синф раҳбарларининг телеграм гуруҳларига юборган «мактабга кеч қолмасдан, 20 дақиқа олдин келинглар, кеч қолганлар билан Миллий Гвардия гаплашади», «формасиз келганлар мактабга киритилмайди, Гвардия назорат қилади» қабилидаги хабарлари тарқала бошлади.
Салла деса каллани олади деганларидек, Миллий Гвардия ходимлари мактаб директорлари ва ўқитувчиларнинг ўзларига ҳам чора кўришни бошлаган. Хуллас таълим тизимининг яна бир «хўжайин»лари пайдо бўлди.
Ҳақли савол туғилади, тизимга куч ишлатар тизимни жалб қилиш қандай оқибатларга олиб келади? Келинг, бу ҳақда мутахассис, жамоатчилик фаоллари фикрларини эшитамиз.
Ўқувчининг мактабга келмаслиги – жиноят эмас, терроризм эмас
Комил Жалилов, таълим эксперти:
» Ўқувчининг мактабга келмаслиги — жиноят эмас, терроризм эмас. Бу — муаммо. Муаммонинг илдизи аксар ҳолларда ёки мактабдаги таълим сифати билан боғлиқ бўлади (масалан, ўқувчи бу пайтда репетиторда бўлади), ёки оиладаги иқтисодий, ижтимоий сабаблар туфайли бўлади.
Демак, муаммонинг илдизига етиш, оқибат эмас, сабабни ҳал қилиш керак — бу зинҳор Миллий гвардиянинг (ёки бошқа ҳарбий, ярим ҳарбий) структуранинг иши эмас, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг иши, агар ўқувчининг мактабга келмаётгани ортида оила билан боғлиқ вазият бўлса, ижтимоий ҳимоя органларининг иши.
Худди «қора туш» замонларига қайтилаётгандек
Platforma.uz каналида бу “янгиликлар” худди “қора туш” замонларига қайтилаётгандек таассурот уйғотмоқда, деган фикрлар келтирилган:
«Катталаримиз маҳаллаю миллий гвардиядагиларга бошқа иш топиб бериша олмаган шекилли. Ўқитувчилар фаолиятига энди Мудофаа вазирлигидагиларни ҳам жалб қилиш керак.
Тўғрида, уруш бўлмаётган бўлса, бекорчиликдан нима қилишади? Ҳар бир ўқувчи олдига автомати билан аскар туриши керак! Шундай қилмаса, ёшлар жаа чегарадан чиқиб кетишяпти.
Ҳозир қайси амалдор бекор бўлса ёки кабинетида ўтиравериб зерикса, таълимга аралашяпти. Биттаси чала-чулпа дарслик яратиб, соққа қиляпти. Хуллас, таълимни тажриба сичқончасига айлантиришди.
Мактабнинг тўлақонли фаолият кўрсатишига жавобгар мактаб директори бор, ўринбосари бор. Психологи бор. Уларга бюджетдан ойлик тўланаяпти. Назоратчи устидан назоратчи қўйиш билан таълимдаги муаммолар ҳал бўлганида, Шимолий Корея аллақачон тараққий этган бўларди.
Салла деса каллани
Ўқувчиларнинг савабсиз дарс қолдириши, ота-онанинг назорат қилмаслиги, боланинг кўп вақти фойдасиз ва бузғунчи ишларга сарфланиши ҳолатларини йўқ дея олмаймиз.
Дарс сифати, болаларни қизиқтириш орқали жалб қила олинмагач, қўрқув орқали назорат қилиш усули танланди. Бироқ ўқувчи, уларнинг ота-оналари билан биргаликда мактаб директорию, ўқувчиси кеч қолгани учун тушунтириш хати ёздирилган ўқитувчилар ҳолатини қандай хаспўшлаш мумкин? Бу борада аллақачон мурожаатлар кела бошлаган.
Педагог ходим мактабга келмайдиган бўлса, Миллий гвардия ходимидан рухсат сўраши керак эмиш
Xalq taʼlimi info канали асосчиси Улуғбек Пўлатов:
«Баъзи ҳудудларда Миллий гвардия вакиллари мактаб маъмуриятининг ички ишларига ҳам аралашишни бошлаб юборганлиги ҳақида эътирозлар етиб келяпти.
Мурожаатчиларнинг айтишича, энди мактаб директори, ўринбосари ёки педагог ходим турли хил йиғилиш, тадбир, семинар ёки бошқа сабаб билан мактабга келмайдиган бўлса, уларни жавобгарликка тортиш ҳақида тақдимнома чиқарилиши мумкин.
Яъни, қандайдир сабаб билан мактаб директори, ўринбосари ёки педагог ходим мактабга келмайдиган бўлса, Миллий гвардия ходимидан рухсат сўраши керак экан.
Бизнингча, Миллий гвардия ходимлари бу борада бироз ошириб юборишяпти».
Ўқувчи дарсга иккинчи соатга келса, ўқитувчи жазоланади
Бу каби эътирозларда жон бор,албатта. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган видеоларда бунга яққол гувоҳ бўлиш мумкин.
Қуйидаги видеода формали ходимнинг қуйидаги гапларини эшитиш мумкин:
«… Бугундан бошлаб синфга умуман телефон олиб кирилмайди. Ҳамма телефон мана бу ерда, ўқитувчиларда қолади, қути қилиб қўясизлар. … Ҳар куни давомат. Соат 8-00да кириш тўхталади. … Иккинчи соатга келдими, ўқитувчи жазоланади».
Хўш, шу ўринда савол туғилади. Миллий гвардияда таълим жараёнига аралашиш, ўқитувчига чора кўриш ваколати борми? Яқинда қабул қилингани билан вазирлик табриклаган «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонун нима бўлди? Унда «педагогнинг касбий фаолиятига аралашиш тақиқланади» дейилмаганмиди?
Кейин мактаб ўқувчисига куч ишлатар тизим ходимининг жиноятчига муомала қилгандай муомала қилиши – бола психологиясига қандай таъсир қилади?
Таҳдид, қўрқитиш билан мактабга, ўқишга муҳаббат шакллантирса бўладими? Хуллас саволлар кўп, жавобини эса вақт кўрсатади…