Шавкат Мирзиёев экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ишлар ҳамда келгуси режаларга оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Тақдимотда «Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш» лойиҳаси ҳақида ҳам ахборот берилди. Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокидаги ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 205 миллион доллардан зиёд бўлиб, 6 йил давомида амалга оширилади. Бу маблағ ўрмонлар ҳудудини кенгайтириш, ўрмон хўжаликлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, барқарор бошқарувни жорий этиш, экотуризм инфратузилмасини ривожлантириш каби мақсадларга йўналтирилади.
Хусусан, ўрмонларни тиклаш ва муҳофаза қилишда инновацион бошқарув тизими ҳамда ахборот технологиялар жорий қилинади. Деградацияга учраган ўрмон ерлари тикланади. Чегарадош ҳудудлардаги ландшафтни тиклаш бўйича қўшни давлатлар билан ҳамкорлик ривожлантирилади. Буларнинг натижасида, жумладан, 175 минг гектар ўрмонлар ва 38 минг гектар яйловларни қайта тиклаш, 19 минг гектарда агроўрмон ва 5 минг гектарда саноатбоп ўрмонлар барпо этиш, 63 километр эко йўлаклар ташкил қилиш кўзда тутилган.
2024 йил 4 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинган эди. Тақдимотда мазкур фармон ижроси доирасида қилинаётган ишлар ҳақида ҳам ахборот берилди. Қайд этилишича, мамлакатда йилига ўртача 6,8 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлади. Сўнгги йилларда санитар тозалаш хизмати билан қамраб олинган маҳаллалар сони 90 фоиздан ошди. Лекин чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси юқори эмаслиги, ҳозирда бундай корхоналар 313 та экани таъкидланди.