Глиобластома — бош мия саратонининг энг агрессив шаклларидан бири. Ушбу хасталик ҳар йили дунёда 250-300 минг нафар кишида аниқланади. Ачинарлиси, аксарият ҳолларда ташхис қўйилгач, бемор бор-йўғи, 1 ойдан 18 ойгача умр кўради.
Бугунги кунда олимлар глиобластома ривожланишининг олдини олиш ва саратон ҳужайраларининг даво муолажаларига резистентлигига қарши курашиш усулларини яратиш устида иш олиб бормоқда.
Буюк Британиянинг Сассекс университети томонидан ўтказилган тадқиқот бош мия агрессив саратонини даволаш самарадорлигини ошириш ва ушбу хасталикка чалинган беморларнинг умрини узайтиришга ёрдам бериши мумкин.
Терапевтик муолажаларнинг таъсирини яхшилай оладиган, ҳали етарлича ўрганилмаган оқсиллар кўп. PANK4 шулар жумласидан. Тадқиқот давомида ушбу оқсил глиобластомани даволашда кимёвий терапиянинг саратон хужайраларига таъсирини блоклаши маълум бўлди.
Шу сабабдан ҳам PANK4 оқсилининг миқдори кўп бўлган беморларда тирик қолиш кўрсаткичи пастроқ бўлган.
Университет олимларининг таъкидлашича, ушбу оқсил олиб ташланса, глиобластомани даволашда қўлланиладиган кимётерапия препарати саратон хужайраларига яхшироқ таъсир қилади.
Одатда ўсимта олиб ташлангандан кейин глиобластомага чалинган бемор нур терапияси ва кимётерапия препарати — темозоломид ёрдамида даволанади. Инсон организми мазкур дори воситасини аввалига яхши қабул қилишига қарамасдан, саратон хужайралари қисқа вақт ичида унга қарши резистенликни ҳосил қилади.
Университет олимларидан ташкил топган тадқиқот гуруҳи келажакда ана шу кашфиёт асосида хасталикни даволаш учун янги препаратларни ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.