‼️Ёғингарчилик ҳавони тозалади, автомобиллар ҳаракати камайди. Аммо ҳаво ифлослиги бўйича яна биринчимиз, нега?

Тошкент бугун тонгда ҳаво ифлосланиши бўйича яна етакчи шаҳарлар қаторидан жой олди.

21 февраль куни эрталаб соат 8:00 да Тошкент шаҳар атмосферасидаги майда PM2,5 заррачалар миқдори Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларидан 28,1 марта ошиб кетди.

Соат 9:00 да, PM2,5 ифлосланиши 196,5 гача ошиб, жаҳон шаҳарлари рейтингида Тошкент «жуда зарарли» ҳаво билан биринчи ўринга чиқди.

Ҳолбуки, сўнгги кунларда кузатилган ёғингарчилк сабаб ҳаво тозаланган. Автомобиллар ҳаракати ҳам нисбатан камайди. Шунга қарамасдан ҳавонинг бу қадар ифлосланишига нима сабаб бўлди?

Мазут ёқилиши кўпайган

19 февраль куни Энергетика вазирлиги матбуот хизмати мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқариш учун 12,1 минг тонна мазут ёқилганини маълум қилган эди. Бу аввалги кунга нисбатан 1400 тоннага кўп.

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов 20 февраль куни кечқурун Ўзбекистон ҳудудига келаётган уч кунликда антициклон шароити кенг масштабда таъсир этиб, об-ҳаво шароитида ҳавони ифлослантирувчи моддаларнинг ҳавода муаллақ туриб қоладиган муҳитни яратиши мумкинлигини айтган эди.

«Энергетик балансни таъминлашда кеча энергетик тизим бир суткада 12,1 минг тонна мазут ёқди. Ундан олдинги кун бу кўрсаткич 10,7 минг тонна эди.

Бухородаги «Л-Газли-1» ва «Л-Газли-2» юқори кучланишли электр тармоқда муаммолар бартараф этилиб, фавқулодда тўхтаб қолган 10 та газ ҳайдаш компресслар ишга туширилди», — деб ёзди иқлимшунос олим.

5-ўринга тушди

11: 45 ҳолатига кўра, Тошкент ҳаво ифлосланиши бўйича дунёда бешинчи ўринга тушди. Деҳли биринчи ўрин, Лаҳор иккинчи ўринни эгаллади.