Сўнгги, бир йил давомида Вирусология илмий-текшириш институти ҳамда Жанубий Кореянинг KOFIH фонди ўртасида тузилган ҳамкорликдаги Меморандум асосида Тошкент шаҳрида 5 та, Андижон вилоятида 2 та, Самарқанд вилоятининг 4 та оилавий поликлиникаларда 30-49 ёшли аёллар орасида ўтказилган бачадон бўйни саратони, уни олдини олишга қаратилган скрининг текширувлари натижаларига кўра, 44258 нафар аёлнинг 338 нафарида бачадон бўйни саратон олди касалликлари аниқланган.
Бу тўғрида, АОКАда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раҳбарияти, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида хабар берилди. Ва шу билан бирга, ўтказилган матбуот анжумани чоғи, сўнгги йилларда, хотин-қизлар орасида, тобора кўпайиб бораётган, бачадон бўйни саратони касаллиги, уни олдини олиш борасида республикамизда амалга оширилаётган ишлар, кўрилаётган тезкор чоралар ҳақида маълумот бериб ўтилди.
Унда ЖССТ тавсияси асосида, хотин-қизларни бачадон бўйни саратонига чалинмасликлари учун 25-49 ёш даврларида ҳар 3 йилда, 50-64 ёш даврларида эса ҳар 5 йилда скрининг текширувларидан ўтказиб туриш, қизларимизнинг 9-14 ёшлик даврида одам папиллома вирусига қарши эмлаш масалаларига тўхталиб ўтилди.