Машиналар ҳақидаги мультфильмни кўрган чиқарсиз. Одамлар йўқ, фақат машиналари бор, хуллас, ҳамма нарса – фақат машиналар учун. Бу мультфильмнинг Тошкент шаҳрига нима алоқаси бор дерсиз?! Гап шундаки, шаҳарсозларимиз ҳам, ҳайдовчилар ҳам, йўл қурувчию лойиҳачиларгача – ҳамма-ҳаммаси ўша мультфильмни кўп кўриб юборишган назаримда. Чунки, уларнинг бугун ҳар бир қилаётган иши ўша мультфильмга тақлидни эслатади.
Тошкент – одамлар учун эмас, автомашиналар учун мўлжалланган шаҳарга айланиб бораётганига анча бўлди. Бизга фақат атмосферани ифлослантирувчилар керак. Ҳатто бошқа транспортлар – экологик тоза бўлган трамвай, троллейбус, велосипедлар ҳам ўз ўрнини фақат машиналар учун бўшатиб берди. Пиёдалар йўлакларини-ку айтмаса ҳам бўлади, қисқариб-қисқариб, йўқолиб ҳам кетяпти: “тўғрида, пиёдалар керак бўлса бўлини топсин!”
Пойтахтдаги, масалан, Осиё кўчаси, Кичик ҳалқа йўли ва шу каби йўллар четларида пиёдалар йўлидан юриб бораркансиз, йўл кесишмасидан ўтишингиз билан йўлак тугаб қолади. Велосипед, скутер, мопед ва шу каби двигателсиз аравачалар учун алоҳида ҳаракатланиш йўлаклари деярли йўқ, бори ҳам ноқулай, хўжакўрсинга қурилган. Автобусларга алоҳида йўлаклар ажратиб берилган эди. Аммо ундан ҳам “арзандаларимиз”ни ҳали ҳануз чиқиб кетгиси йўқ. Машиналарга шароит яратиш учун ҳар қандай қурбонликлар қилинган. Бир қатор парк ва бозор атрофидаги дарахтлар кесилиб, машиналар учун автотураргоҳлар қурилди. Бу ҳолат яна тўхтовсиз давом этяпти! Чунки йилдан-йилга енгил автомобиллар кўпайгандан кўпаймоқда.
2024 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли енгил автомобиллар сони 4 млн 20 мингдан ошган.
Ҳудудлар кесимида жисмоний шахсларга тегишли енгил автомобиллар сонининг энг кўпи Тошкент шаҳрида – 597 минг 931 та. Ундан ташқари, вилоятдан пойтахтга келиб кетувчилар ва корхона-ташкилотларга тегишли ҳамда Тошкент орқали ўтувчи бошқа юк ташувчи ва енгил машиналар ҳали бу ҳисобга кирган эмас.
Маълумотларга кўра, автомобиль саноатимиз 2023 йилда аҳолига 418 734 дона автомобиль ишлаб чиқариб, олдиндан пулини олиб сотган. Бу кўрсаткич 2017 йилга қараганда 57,4 фоизга кўп.
Биргина пойтахтнинг ўзида автоуловларнинг нақадар кўплигини эрталаб ва кечки пайт шаҳарга кириш ва чиқиш йўлларидаги турнақатор тирбандликдан ҳам англаш қийин эмас.
Машиналар фақатгина экология ва шаҳарда ҳаракатланишга таъсир этибгина қолмай, инсонлар ҳаётининг ҳам кушандасига айланган. БМТ маълумотларига кўра, ер юзи бўйлаб ҳар 24 секундда бир нафар одам ЙТҲ қурбони бўлади. Ҳалок бўлганларнинг асосий қисмини 5 ёшдан 29 ёшгача бўлганлар ташкил этади. ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотларига кўра, биргина 2023 йилнинг етти ойи давомида юртимизда 1 115 киши ҳалок бўлган, 4 минг 564 нафари турли тан жароҳатлари олган. Бу кунига 5-6 нафар одам автоҳалокатдан вафот этмоқда деганидир.
Шаҳарнинг машиналарини ҳатто “Автомобилсиз кун”лар ҳам тўхтата олмаяпти. “Автомобилсиз кун”да бирор бир вазир, ҳоким, депутат ёки кичкина бир амалдорнинг ҳам ишга велисипед ёки пиёда келганини кўрганмисиз? Албатта йўқ, улар ойналари қорайтирилган ҳашаматли машиналаридан айрилгиси келармиди.
Ҳа, автомобиль биз учун ҳашамат, обрў, бир умрлик орзу ва ҳоказо. Автомобилга муккамиздан кетганимизнинг яна бир исботи, автомобилларга шартнома очилганда автосалондаги ҳолатларни эсланг. Ёки автомобилга эга бўлиш учун емай-ичмай тўплаган пулимизни бир йил аввал автосалонга тўлаб қўйиб, интиқиб кутишлар-чи?!
Ўзбекистонда неча йиллардан буён автомобиль йўллари учун қанчадан-қанча дарахтзорлар йўқ қилинган. 2023 йилнинг ёзида Сурхондарё ва Бухоро ўртасида қурилмоқчи бўлган автомобиль йўли сабаб 70 мингга яқин дарахт кесилиб кетмаслиги учун жамоатчилик озмунча курашдими?!
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бизнингча Тошкент “Нон шаҳри” деган улуғ номини аллақачон янгилади. Энди Тошкент – “Автомобиллар шаҳри”!
Фазилат Соиб