Ишчиларга 4 ойдан буён ойлик берилмаяпти: компания ишдан бўшатиш билин қўрқитмоқда, масъуллар эса уйқуда

Бугун ижтимоий тармоқларда Enter Engineering ширкати ходимлари эътироз билдириб, намойишга чиққани акс этган лавҳалар тарқалди. Ишчиларнинг сабр косаси тўлгани аниқ, негаки улар 4 ойдан буён ойлик ола олмаяпти.

Можоро ноябрдан бошланган

Ишчиларнинг сабр косаси тўлгани аниқ, негаки улар 4 ойдан буён ойлик ола олмаяпти.

Ишчилар илк бор ноябрь ойида арз қила бошлаган эди.

Сентябрь ойидаги маошимизни ҳам олганимиз йўқ. Ҳали октябрь ойи турибди. Ойлик икки ярим, уч ойгача кечикяпти, — деган эди ўшанда шахси сир қолишини сўраган мурожаатчи.

Мурожаатчининг айтишича, шикоятчи кимлиги аниқланса, раҳбарият уни ишдан бўшатади. Ва ходимнинг ишсиз қолиш эҳтимоли катта. Шу сабаб улар муаммони баралла айтишдан қўрқади.

Ўз юртимизда қул бўлдик

Ишчиларнинг айтишича, ташкилот хориждан келган ходимларга маошини бермоқда, ўзбекларга эса йўқ.

«Бу ташкилот раҳбарлари ишчиларини ўйламайди. Қанча одам касал, оиласи бор, лекин пули йўқ. Менинг ҳам кредитларим бор. Тўлай олмаяпман. Чет элдан келган ишчиларга ўз вақтида ойлик беришади. Масалан, турклар, қозоқлар ва ҳиндлар ўз вақтида маошини олади. Уларда бундай муаммо йўқ. Биз ўзимизнинг юртимизда қул бўлдик. Сизлардан илтимос, шу масалада ёрдам беринг»— деган бу ҳақда гапирган ишчи.

Ишчилар берган маълумотга кўра, компанияда фаолият юритувчи 50 минг нафар ходим маошини ўз вақтида ололмаган.

Компания масъуллари ходимлар билан учрашди

Шундан сўнг муаммога Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳам эътибор қаратган эди. 28  ноябрь куни эса  масъуллар ходимлар билан учрашиб, вазиятни изоҳлаган.

Компаниянинг уч нафар масъули билан суҳбатлашган ишчиларнинг айтишича, ишчилар маоши кечикишига тайёр бўлган объектни қабул қилмаётган ва бажарилган иш учун пул тўламаган Олмалиқ кон-металлургия заводини айбдор қилиб кўрсатган.

Раҳбарияти билан кўришган ишчилар компания масъуллари ишчиларга хоҳласангиз ишланг, хоҳламасангиз ўзингиз биласиз, деган мазмунда билдириш қилган.

Вазият ҳамон ўша-ўша

Мана орадан тўрт ой вақт ўтсаҳамки, вазият ўша-ўша. Ходимлар ҳануз маош ола олмаган, ишдан айрилишдан қўрқиб, бирор жойга арз қилиша олмаяпти ҳам.

Компания ва ходимлар ўртасидаги меҳнат шартномасида  ойлик маош 45 кунгача кечикиши мумкин дейилган. Лекин ишчилар уч-тўрт ойдан бери маош олмаяпти.

Минглаб ишчилар маош ола олмай сарсон, қарзга ботиб қолган. Компания арз қилган кишини ишдан ҳайдаш билан қўрқитмоқда.

Қизиқ, шунча вақтдан буён нега бирор масъул ташкилот вазиятни жиддий ўрганиб, бирор чора кўрмаяпти?