Дунёда ҳар тўрт кишидан бири тоза ичимлик сувдан маҳрум ҳолда яшаяпти

Япон ёзувчиси Хироси Номанинг “Мабодо қачондир ерда ҳаёт тамом бўлса, у атом урушидан эмас, ичимлик сув етишмаслигидан бўлади” деган фикри нақадар тўгрилигини бугунги кунлар исботламоқда.


БМТ сўнгги маълумотларига кўра, дунёда ҳар тўрт кишидан бири тоза ичимлик сувдан маҳрум ҳолда яшаяпти.


Медиа тадқиқот ва таълимни ривожлантириш маркази – MediaDataLab “Замонавий медиа маконда сув мавзуси: визуал контент яратиш орқали ёшларда сув ресурсларига оқилона муносабатни шакллантириш” лойиҳасини амалга оширмоқда.

Лойиҳанинг мақсади йилдан-йилга глобаллашиб бораётган сув муаммосига жамоатчилик эътиборини қаратиш ва бу муаммо Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтамаётганини таъкидлашдир.

Афсуски бугун аҳолининг сувни тежашга нисбатан фаоллиги жуда суст ва ҳеч бир юртдошимизда яқин йилларда сув тугаши мумкинлиги хавотири йўқ.

Ойлар давомида фотографлар мамлакатимизнинг турли қисмларидан кўл, дарё, ариқ, сув омборлари каби сув манбаларини суратга олган ва уларнинг атроф ҳудуд учун қанчалик аҳамиятли экани ҳақида турли ҳажмдаги фотоҳикоялар тайёрлаган.


26 февраль куни мана шу лойиҳанинг фотокўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди. Ogoh.uz мухбири кўргазмадан фоторепортаж тайёрлаган.


Фотокўргазмада нафақат сув камайиши ва экологияга, балки фотографияга бефарқ бўлмаганлар ҳам қатнашди. Лойиҳа доирасида сув ресурсларидан унумли фойдаланиш, истеъмолчиларнинг атроф-муҳитга бўлган маданий қарашларини аниқлаш ва экологик муаммоларнинг олдини олиш мақсадида ўтказилган ижтимоий тадқиқот натижалари ҳам тақдим этилди.

Хусусан, унда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан 15 ёшдан 25 ёшгача бўлган 1,5 мингдан зиёд ёшлар фаол иштирок этган. Респондентларнинг тўртдан бир қисми сув ҳавзалари, оқар сувнинг маиший чиқиндилар билан ифлосланиши, сув ўтларининг чириши, ботқоқланиш билан боғлиқ муаммоларни қайд этган.


Шунингдек, лойиҳа USAIDнинг “Минтақавий сув ресурслари ва атроф-муҳит” лойиҳаси кўмагида амалга оширилди. Suvmap.uz веб-сайтининг Ўзбекистондаги сув ресурсларини акс эттирувчи интерактив харита яратилганлиги лойиҳанинг энг катта ютуқларидан биридир.
Фотокўргазма қатнашувчилари мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги сув манбаларини суратларида маҳорат билан экс эттирганини кўриш мумкин.

Суратларда чорва молларини сув ичаётган жараёнлари, маиший чиқиндиларга тўлган сув ҳавзаси ва ариқлар, шунингдек, катта ҳажмдаги сув манбаларининг қуриб бориши акс этган. Суратлари билан иштирок этганларнинг барчаси эсдалик совғалар билан тақдирланди. Фотосуратлар орқали сув нақадар муҳим манба эканлигини, у тугаши мумкинлигини ўйлаб сергак тортади киши. Бу лойиҳа муаллифларининг мақсадларига эришганидан даракдир.

Фото:Suvmap.uz