Ўзбекистонда 25 март – “Ер соати” куни муносабати билан махсус акция ўтказилади. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, шу куни сайёрага ғамхўрлик қилиш, табиий ресурсларни асраш мақсадида барча давлат ташкилотларида электр жиҳозлари бир соатга ўчирилади.
“Ҳурматли ватандошлар. Сизни ушбу акцияда иштирок этишга ва атиги 60 дақиқага электрни ўчиришга таклиф қиламиз. Бу билан сиз Ернинг табиий бойликларини асраб-авайлашга ўз ҳиссангизни қўшасиз ва бошқаларни ҳам сайёрамизга ғамхўрлик қилишга руҳлантирасиз”, дейилади вазирлик баёнотида.
Маълумот учун, “Ер соати” ҳар йили халқаро миқёсида ўтказиладиган йирик экологик акция ҳисобланади. Ташкилотчилар экологик муаммолардан ташвишланиш рамзи сифатида сайёра аҳолисини 60 дақиқага чироқ ва маиший электр ускуналарини ўчириб қўйишга чақиради.