Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу халқаро анжуман «2030 йил: Ўзбекистон ва Тожикистонда олий таълим ва илм-фанни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари» мавзусига бағишланди.
Унда икки томондан 100 га яқин олий таълим муассасалари раҳбарлари, вазирлик ҳамда идоралар масъуллари иштирок этмоқда.
Анжуман давомида университетларнинг фан ва таълим интеграцияси, илмий тадқиқотлар яқинлашуви борасидаги Ўзбекистон ва Тожикистон тажрибаси муҳокама қилиниб, таълим сифатини таъминлаш, билимларни баҳолаш ва самарали бошқарув масалалари бўйича тажриба алмашилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон олий таълим муассасалари ўртасидаги халқаро алоқалар хусусиятлари бўйича фикрлар тингланиб, ҳамкорликдаги истиқболли режалар кўриб чиқилмоқда.
Форум якунида олий таълим, илм-фан соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашинувни кенгайтириш ва манфаатли алоқаларнинг бошқа долзарб йўналишлари бўйича 50 дан ошиқ англашув меморандуми, битим ва «Йўл хариталари» имзоланиши режалаштирилган.