Марказий Осиёдан келган муҳожирлар масалалари билан шуғулланувчи ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари ҳам Россияга киритилмаётганини айтди. Илгари Тожикистондан келган муҳожирларга нисбатан ҳам худди шундай чоралар кўрилган.
Ҳуқуқ ҳимоячиси мўйловсиз, аммо соқолли эркаклар ва ҳижобли аёллар киритилмаётганини маълум қилди.
Чупикнинг сўзларига кўра, сўнгги кунларда россиялик чегарачилар нафақат Тожикистон, балки Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларига ҳам Россияга киришни оммавий равишда тақиқламоқда. Мигрантлар нафақат аэропортлардан, балки ерусти назорат пунктларидан ҳам қайтариб юборилмоқда.
“Муҳожирларни кириш чоғида оммавий ушлаш 24-апрелда бошланган ва 1-майга қадар Россия аэропортларида 4,5 мингга яқин одам тўпланган ва тахминан шунча одам ерусти назорат пунктларига киритилмаган.
Россияда бундай оммавий чиқариб юбориш ҳеч қачон кузатилмаган. Илгари бутун бошли самолётлар киритилмаган ҳолатлар бўлган, аммо бу ҳар ойда бир бўларди, энди эса ҳамма мигрантни орқага қайтаришмоқда”, —дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.
Унинг таъкидлашича, аэропорт ёки ўтказиш пунктида ушлаб турилганлардан тўртдан бири Тожикистон фуқаролари, ярмига яқини Ўзбекистондан келган муҳожирлар, қолганлари эса асосан Қирғизистон фуқароларидир.