Жаҳон банки Ўзбекистонда аҳоли орасида молиявий жиҳатдан тенгсизлик кучайиб бораётганидан хавотир билдирди. Таҳлил қилинишича, аҳолининг бой қатламлари даромадларининг ўсиши камбағал қатламникига қараганда анча юқори даражада.
Иқтисодий тенгсизлик
Жаҳон банки “Ўзбекистон камбағалликка барҳам бериш йўлида: халқаро таққослаш натижалари” деб номланган ҳисоботини эълон қилди. Таҳлилга кўра, мамлакатда камбағаллик даражаси сезиларли қисқараётган бўлса-да, аҳоли орасида иқтисодий тенгсизлик кучайиб бораётгани хавотирли.
Камбағалликни қисқартирган омиллар
Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда қашшоқлик даражаси 2015 йилдаги 36 фоиздан 2022 йилда 17 фоизга кескин пасайган. Бу пасайиш даражаси Европа ва Марказий Осиё мамлакатларига қараганда тезроқ кечган. Республикада камбағаллик даражаси 2023 йилда 11 фоизгача камайган.
Жаҳон банки республика қишлоқ жойларида камбағалликнинг қисқариши шаҳарларга нисбатан сезиларлироқ бўлганини қайд этган. Бу даврда қарийб 1,6 миллион киши камбағалликдан чиқарилган.
Жаҳон банки таҳлилига қараганда, Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришга бир қатор омиллар ижобий таъсир қилган.
“Уй хўжаликлари даромадларининг ўсиши камбағалликни камайтиришнинг асосий омили бўлган. Иш ҳақининг ўсиши камбағалликни қисқартириш бўйича эришилган ютуқларнинг 60 фоизини ташкил этган. Кейинги энг муҳим омил ижтимоий трансфертлар бўлди. Чунки ҳукумат аҳолининг айрим гуруҳларини қўллаб-қувватлаш бўйича асосий дастурларни модернизация қилди ва кенгайтирди. Шу билан бирга, пенсия таъминотининг яхшиланиши уй хўжаликлари оладиган турли ижтимоий нафақалар орасида энг катта ижобий таъсир кўрсатди”,—дея хулоса қилинган ҳисоботда.
Даромадлар тенгсизлиги ошди
Жаҳон банки иқтисодий вазиятни таҳлил қиларкан, Ўзбекистонда аҳоли орасида молиявий жиҳатдан тенгсизлик кучайиб бораётганидан хавотир билдирган. Яъни аҳолининг бой қатламлари даромадларининг ўсиши камбағал қатламникига қараганда ниҳоятда юқори бўлиб келмоқда.
“Масалан, 2022–2023 йилларда аҳолининг энг камбағал 10 фоизининг даромади 6 фоизга ўсди. Бироқ, аҳолининг энг бадавлат 10 фоизи даромадлари 30 фоиздан ортиқ ўсди. Даромадлар тенгсизлигининг статистик кўрсаткичи бўлган Жини коэффициенти 2022 йилдаги 0,31 дан 2023 йилда 0,35 гача кўтарилди. Агар тенгсизликнинг ўсиши бўлмаганида, қашшоқлик 5,5 фоиз пунктга тушиши мумкин эди”,—дея маълум қилган Жаҳон банки.
Нима қилиш керак?
Ҳисоботда Ўзбекистон ҳукуматидан камбағалликни қисқартиришнинг юқори суръатларини сақлаб қолиш учун кам таъминланган уй хўжаликлари маҳсулдорлигини ошириш бўйича қўшимча саъй-ҳаракатлар талаб қилиниши таъкидланган.
“Маълумотлар шуни кўрсатадики, камбағал уй хўжаликлари бир қатор камчиликларга эга. Хусусан, уларда иш билан таъминланиш эҳтимоли камроқ. Кўпчилигида маълумот даражаси паст. Уй хўжаликлари ўртасидаги бу тафовутларни камайтириш Ўзбекистонда ўсиб бораётган тенгсизликни чеклаш ва қашшоқликни янада камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларда муҳим аҳамиятга эга бўлади”, — дейилади ҳисоботда.
Ўзбекистон ҳукумати ўз олдига мамлакатда 2026 йилгача камбағаллик даражасини икки баравар камайтиришни мақсад қилиб қўйган. “Саъй–ҳаракатлар бугунги суръатда давом этса, ҳукумат 2026 йилгача камбағалликни икки баравар камайтириш мақсадига эриша олади”,—дея хулоса қилган Жаҳон банки.