7 май куни ўтказилган музокаралар якунлари бўйича Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин қўшма баёнот имзоладилар. Улар орасида Ўзбекистонда кам қувватли АЭС қуриш, Тошкентда Бутунроссия ташқи савдо академиясининг филиалини очиш кабилар борасидаги келишувлар бор.
Хавфсизлик ҳавотири сабаб бутун дунё АЭС лардан воз кечаётган бир пайтда Жизззаҳ вилоятида Россия томонидан АЭС нинг қурилиши кутилмаганда қандай оқибатларга олиб келиши, Ўзбекистоннинг иқтисодий барқарорлигига қандай таъсир кўрсатиши мумкин? Геосиёсий низолар авж олиши фонида Атом электр станциясининг қурилиши қанчалик тўғри? Қуйида айрим журналист, блогер, иқтисодчи ва сиёсатшуносларнинг айни шу борада билдирган фикрлари ва эҳтимоллари билан танишамиз.
АЭС келажакда кимларнингдир қўлида Ўзбекистонга босим ўтказиш ва шантаж воситасига айланиб қолмаса бўлди — Расул Кушербаев
Станция учун танланган майдонда текширув ишлари ўтказиб бўлинган, жойнинг мақсадга мувофиқлиги ва хавфсизлиги тасдиқланган.
Ўзбекистон келажаги, экологик хавфсизлиги борасидаги ушбу жиддий қадамга киришишда жамоатчилик фикри қанчалик инобатга олингани номаълум.
Нима бўлгандаям ушбу АЭС келажакда кимларнингдир қўлида Ўзбекистонга босим ўтказиш ва шантаж воситасига айланиб қолмаса бўлди. Хавотиримиз шунда.
АЭСни қуришдан бош мақсад Болтиқбўйи давлатларини энергетик қарам қилиш бўлган — Шуҳрат Шокиржонов
Беларусда “Росатом” 2012 йилда Литва чагарасида АЭС қура бошлаганди. АЭСни қуришдан бош мақсад Болтиқбўйи давлатларини энергетик қарам қилиш бўлган. (Украинага босқиндан сўнг Болтиқбўйи давлатлари 2025 йилдан Россия ва Беларус билан умумий энергетика тизимидан узилишини эълон қилди)
Унинг биринчи энергблоки 2021 йилда қуриб фойдаланишга топширилган. Яъни, орадан 9 йил ўтгач. Шунда ҳам авария рўй бериб, 2022 йилнинг августида таъмирлаш ишлари тугаган.
Қурилиш даврида ҳам кўплаб инцидентлар, бахтсиз ҳодисалар рўй берган, қурувчилар ўлган. Масалан, 2016 йилда биринчи реактор корпуси ўрнатилаётганда қулаб тушиб, унга шикаст етган. Беларус томони уни алмаштиришни талаб қилган. “Росатом” уни бошқа лойиҳаларда келгусида ишлатиш учун сақлаб қўйган (бизга олиб келишса-я?!).
Руслар томонидан барпо этилган Эрондаги Бушеҳр АЭСи қурилиши ҳам 1975 йилда бошланган. Орадаги узилишлар билан ҳанузгача қурилиш ишлари давом эттирилмоқда. 1000 MWли биринчи энергоблок 2013 йилда фойдаланишга топширилган. Айни пайтда яна иккита энергоблок қурилиши давом эттирилмоқда.
Хуллас, АЭС қурилиши 2-3 йиллик ҳодиса эмас. Қуриб, фойдаланишга топшириш учун 15–20 йил вақт кетади. Бошида «мана шунча маблағ кетади», деб айтилган сумма 2-3 баробарга ўсиб кетиши оддий ҳол.
Ривожланган дунё бирин-кетин АЭСлардан воз кечаётган пайтда биз атом энергетикасига пул тикаётганимиз тўғри қадаммикин?
АЭС бу сиёсий хатар. Давлат мустақиллигини сўроқ остида қолдиради. Бизнинг Ўзбекистондан бошқа захира ватанимиз йўқ — Отабек Бакиров
Ўзбекистонда АЭС қурилмаслиги керак, ҳар бир соғлом ақл эгаси, Ўзбекистонни ватаним деган ҳар бир ўзбекистонлик бу қандай кулфатлар яратишини англаб, тушуниб, ҳис қилиб турипти.
АЭС бу сиёсий хатар. Давлат мустақиллигини сўроқ остида қолдиради. АЭС бу иқтисодий хатар. АЭС бу ижтимоий хатар. АЭС бу экологик хатар.
Ёлғон гапириладиган маконда, ҳукумат халққа ҳисобдор бўлмаган юртда АЭС қурилмаслиги керак. Қайси ақл дунёни ядровий шантаж билан қўрқитаётганларга, ўзлари қурган иккита АЭСни босиб олганларга АЭС қурилишини ишониб топшириши мумкин?
Бугун бор, эртага йўқ қанақадир Султоновлар, қанақадир Мирзамаҳмудовлар, қанақадир Аҳмедходжаевлар АЭС қуриб тажриба ўтказишмоқчи бўлишса, марҳамат, бунинг учун Ўзбекистондан бошқа макон танлашсин.
Мен рози эмасман, рози бўлмайман. Бизнинг Ўзбекистондан бошқа захира ватанимиз йўқ!
Бизга АЭС керак эмас, айниқса ҳозир — Зафарбек Солижонов
Яна бир нарсани айтиш керак. АЭСга бошидан энг кўп қарши турганам, меморандум ва шу каби шунчаки рамзий келишувларни қилиб, бюрократия билан вақтни орқага сураётганам энергетика раҳбарияти эди. Амалдагиси ҳам (лекин Султоновни билмадим) шу сиёсатни қилаётганди. Унга ташланиш қанчалик тўғри, билмадим. Тизимни сал ичидан билганлар билан суҳбатлашиб турганим учун айтяпман.
Сиёсий томонини ҳисобга олсак, 2400 MW ўрнига 55 MW’га келишишганиям кўп нарсани ҳисобга олинганини кўрсатяпти. Русларам шунга кўнгани қизиқ туюляпти менга. Лойиҳаям балки ярим йўлда қолиб кетар. Бироқ умуман АЭС қурилишига узоқ йиллик мораторий қўйиш тарафдориман. Бизга АЭС керак эмас, айниқса ҳозир.
Дунёда АЭСлар хавфсизлик ва иқтисодий сабаблар туфайли ёпиляпти — Ибрат Сафо
АЭСлар истеъмоли дунё бўйлаб тушяпти, лекин харажатлари ошиб боряпти. Қайта тикланувчи инфратизилмага қараганда у каррасига қиммат. Кеча Президент Мирзиёев “уранимиз кўп” деди, лекин уни қазиб чиқариш харажатлари ҳам катта. Туркияда Росатом қурган Аққую АЭС 22 миллиард долларга тушди (мамлакатдаги атиги 10% энергияни етказиб бериш учун). Февралда хавфсизликдан хавотир уйғонди, унда ИШИДга аъзоликда айбланган қофқозлик киши сохта исм билан кириб ишлаётгани аниқланди.
Дунёда АЭСлар хавфсизлик ва иқтисодий сабаблар туфайли ёпиляпти. Янгилари эса харажатнинг ошиши туфайли кўп кечиккан. Уни қуришга халқаро банклар, масалан Жаҳон банки принципиал тарзда қарз бермайди — менга Европа Хавфсизлик ва Тараққиёт Банки бунга қарз бермаслигини айтганди. Ўзбекистон миллиардлаб долларни қаердан олмоқчи?
Ўзбекистондек ривожланмаган ва ядровий тажрибаси бўлмаган давлатлар АЭС қуриши уларни бошқа давлатларга қарам қилиб қўйиши хавфи катта. Ядровий қувватни ривожлантиришга ўз сармояси бўлмаган давлатлар технология жиҳатидан ривожланган ва бой давлатлар қўлига қараб қолади. У тажрибали давлатлар ўзида тез-тез янгиланаётган қонун-қоидалар ва технология билан ўз атом соҳасини назорат қилади, лекин бизда-чи? АҚШ Атомни бошқариш комиссиясининг собиқ аъзоси Доктор Питер Брадфордга кўра, хавфсизлик соҳасида тажрибаси йўқ ва коррупция гуллаган давлатларда бу янаям хавфли.
Ундан ташқари, бахтсиз ҳодисалар, ҳужумлар, атрофдаги аҳоли саломатлигидаги саратон хавфи, ядровий чиқиндиларни сақлаш каби жиҳатлар бор. Булар қанчалар шаффоф бўлади? Чунки ҳозирча УзАтом ва РосАтом шаффоф эмас. Жой тайёр бўлганини Путин келгач эшитдик.
Ўзбекистонлик сифатида ман бу лойиҳага тўлиқ қаршиман! — Муҳрим Аъзамхўжаев
Ёзда қурилиши бошланармиш. Хўп, АЭС керакдир, лекин “кам қувватли АЭС”нинг нима кераги бор — шунча овора бўлиб қурганга яраша у-бу кам-кўстимизни тўлдирадигани қурилмайдими? Нега Россия билан қуриш керак буни, нега бир очиқ танлови, тендери йўқ? Нега бунинг нархи эълон қилинмаган? Бурнинггача қарзга ботиб ётган бўлсанг, қайси пулингга қурасан? АЭСни қўя турайлик, тўғонларинг қўшниларни сувга бўктирадиган бир давлат сифатида ўша қўшниларнинг розилигини олганмисан? Қанақасига ёздаёқ қурилиши бошланади — номига бўлса ҳам халқ билан маслаҳатдашилмайдими? Нега Жиззахда қуришингни, нега ёздаёқ қурилишни бошлашингни, нега айнан Россия билан, нега айнан кам қувватли АЭС қурмоқчи эканингни сани пул билан таъминлаб турган халққа тушунтирмайсанми?
Ўзбекистонда Россия АЭСи қурилмасин! Бир ўзбекистонлик сифатида ман бу лойиҳага тўлиқ қаршиман!
Биз бу лойиҳа ҳақида билмас эдик — Қозоғистон Энергетика вазири Алмасадам Саткалиев
Биз бу лойиҳа ҳақида билмас эдик, у том маънода 27-май куни эълон қилинди. Эндиликда ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан боғланиб, уни амалга ошириш формати, платформаси ва бу ягона энергия тизимининг ишлашига қандай таъсир қилишини аниқлаш зарур. Энергетика ва хавфсизлик масалалари ҳам муҳим. Тез орада мулоқот бошлаймиз.
Ўтган йили Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатда атом электр стансиясини қуриш бўйича умумхалқ референдумини ўтказишни таклиф қилган. Унинг қайд этишича, Семипалатинск полигонидаги ядро синовлари оқибатлари туфайли бу қарорни тўғри деб ҳисоблайди. Синов полигонига қўшни Қайнар қишлоғида синовлар давомида 396 киши саратон касаллигидан вафот этган.