2024 йил тарихдаги энг иссиқ мавсум бўлиши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg иқлим бўйича экспертларга асосланиб хабар бермоқда.
Қайд этилишича, рекорд даражадаги иссиқликнинг сабабларидан бири Эл-Нино ҳодисаси – Тинч океанининг экваториал қисмидаги сув сирт қатлами ҳароратининг ўзгариши бўлиши мумкин.
Бутунжаҳон метеорология ташкилоти 2023 йилни рекорд даражадаги энг иссиқ йил деб атаганди, аммо 2024 йил бундан ҳам иссиқроқ бўлиши мумкин.
Миллий океан ва атмосфера маъмуриятининг катта олими Майкл Макфеденнинг сўзларига кўра, Тинч океанидаги сувнинг исиши Ер юзаси ҳароратининг ошишига таъсир кўрсатади. Шунинг учун, Эл Нино таъсири остида иккинчи йил биринчисига қараганда иссиқроқ бўлиши мумкин.
Олимларнинг таъкидлашича, яқин 25−30 йил ичида иқлим янада иссиқлашади ва об-ҳаво шароити кескинлашади. Маржон қоялари ва бошқа заиф яшаш жойлари аллақачон йўқ бўлиб кета бошлади. Атмосферага иссиқхона газлари чиқиндилари назоратсиз равишда тарқалишда давом этса, олимлар бунинг узоқ муддатли жиддий оқибатларга олиб келишидан қўрқишмоқда: булар, дунё тартибининг бузилиши, кенг кўламли миграция, Ер тарихидаги ўсимликлар ва ҳайвонларнинг олтинчи оммавий йўқ бўлиб кетишининг тезлашиши, музликлар эриши, денгиз сатҳининг кўтарилиши ва дунёнинг қирғоқбўйи шаҳарларининг кўп қисмини сув босиши каби оқибатлардир. Ушбу хавфларни келтириб чиқарадиган газлар ҳозирдан ўз таъсирини кўрсатмоқда ва бу бизнинг авлодимиз учун олдимизда турган чуқур ахлоқий саволлар борасида бош қотириш учун бир имкониятдир.
Аччиқ ҳақиқат шундан иборатки, одамлар, баъзида буни сезмаган ҳолда, аллақачон иқлим ўзгариши оқибатларини бошдан кечиришмоқда. Мисол учун, денгиз сатҳининг кўтарилиши сабабли «Сенди» тўфони вақтида Нью-Йорк ва Ню-Жерсининг 83 000 га яқин аҳолиси зарар кўрди, олимларнинг фикрича, барқарор иқлим шароитида бу ҳолат содир бўлмаган бўлар эди. Ўн минглаб одамлар аллақачон глобал исиш туфайли кучайган иссиқлик тўлқинлари оқибатида нобуд бўлмоқда. Дунё бўйлаб сиёсий вазиятни беқарорлаштирган қочқинлар оқими — қисман иқлим ўзгариши билан боғлиқ. Албатта, бошқа ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларда бўлгани каби биринчи ва энг оғир зарбани камбағаллар қабул қилиб олади.
Муаммонинг ечими борми?Бор, лекин қарорлар жуда секин қабул қилинмоқда. Инсоният узоқ вақт давомида ҳеч қандай чора кўрмади, шунинг учун олимларнинг фикрига кўра, ҳозирда вазият умид бахш этмайди. Аммо Ер юзида қазиб олинадиган ёқилғи бор экан, ҳаракат қилиш учун ҳали ҳам кеч эмас. Атмосферанинг қизиши фақат иссиқхона газлари чиқиндилари нолга туширилганидагина, потенциал бошқарилиши мумкин бўлган кўрсаткичга келади. Яхши янгилик: автомобиллар учун ёқилғи тежамкорлиги стандартлари, жиддий қурилиш қоидалари ва электр станциялари учун эмиссия чегаралари каби дастурлар натижасида ҳозирда кўплаб мамлакатларда газ чиқиндилари миқдори камаймоқда.
Аммо мутахассислар иқлим ўзгаришининг энг ёмон оқибатларини олдини олиш учун қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш жараёнини сезиларли даражада тезлаштириш керак, деган. Таъкидлашича, муаммони фақат кенг кўламли коллектив ҳаракатлар билан ҳал қилиш мумкин. Бутун штатлар ва давлатлар энергия саноатини тоза, мавжуд бўлган барча усуллардан фойдаланган ҳолда ва жуда тез ишлашга қарор қилишлари керак. Шундай экан, сиз ўз қонуний ҳуқуқингиздан фойдаланган ҳолда қилишингиз мумкин бўлган энг муҳим иш: муаммо ҳақида очиқ-ойдин гапириш ва ўзгаришларни талаб қилишдир.
Кундалик ҳаётда электр энергиясидан оқилона фойдаланиш мумкин: бунинг учун инттелектуал термостат ўрнатиш лозим, ёруғлик лампаларини энергияни тежайдиган лампалар билан алмаштиринг, хонадан чиқаётганда чироқларни ўчиринг. Бундан ташқари, бошқа одамларга қўшилиб, жамоат транспортидан фойдаланиш орқали ҳам қисқароқ масофаларга етиб боришингиз ва шу билан машинангиздан чиқадиган зарарни камайтиришингиз мумкин. Ниҳоят, ўзингиз истеъмол қиладиган озиқ-овқат миқдорини, айниқса гўшт истеъмолини камайтиришингиз мумкин.
Бу қадамлар кичик бўлиб туюлиши мумкин, аммо булар сизнинг муаммо ҳақидаги хабардорлигингизни оширади ва атрофингиздагиларни бундан хабардор бўлишга ундайди. Аслида, дўстларингиз ва оилангиз билан иқлим ўзгаришини муҳокама қилишингиз сиз қўшишингиз мумкин бўлган энг мазмунли ҳиссалардан биридир.
Эркинова Лайло