Аномал иссиқ бизга нималарни ваъда қилмоқда?
Аномал иссиқ ўз ишини бошлади. Ёзнинг илк ойиданоқ ёнғин мавсуми авж олди. Ўтган йили иссиқ ҳаво дунёнинг юзлаб ўрмонларини кулини кўкка совурган. Хўш. бу йил ҳам ўрмон ёнғинлари бўлиши прогноз қилиняптими?
Канадада 2023-йил 6-октябрь ҳолатига кўра, 6551 та ёнғин сабаб 184 961 км квадрат ўрмон ҳудуди ёниб кетган. Ушбу кўрсаткич Канада бутун ўрмон майдонининг 5 фоизига тўғри келади. Ўрмон ёнғинлари туфайли олти киши ҳалок бўлган ва июль ойи ҳолатига кўра 150 000 киши эвакуация қилинган.
Бундан ташқари, ўрмон ёнғинларидан чиққан тутун Канада ва Қўшма Штатлар ҳавосининг кучли ифлослантириб аҳолининг эвакуация қилинишига сабаб бўлганди. Тутун июнь охирида Атлантика океанини кесиб ўтиб, бутун Европага тарқаган. Ёнғинлар куз мавсумида ҳам давом этган эди.
2023-йилда Австралияга сўнгги ўн йилдаги энг катта ўрмон ёнғинлари мавсуми кузатилди. Австралиянинг жануби-шарқида 10 миллион гектар майдонни қараб олган ёнғин 2019-2020-йиллардаги ёнғин майдонларидан нақд саккиз баробар кўп майдонни эгаллаганди.
2023-йилги ёнғинлар Австралия шимолидаги 84 миллион гектардан ортиқ чўл ва саванналарни ёқиб юборган. Бу Буюк Британиянинг майдонидан уч баробаридан кўпроқ майдон ўт ичида қолган дегани. Ёнғинлар иқлим ўзгаришлари жумладан иссиқ об-ҳаво ва кучли шамоллар сабаб жуда тез тарқайди.
Бир неча ҳафта давомида бутун шимолий ҳудуд ва Ғарбий Австралиянинг балки, Танами ва Буюк қумли чўллари бўйлаб 18 миллион гектардан ортиқ майдон ёнган. Олимлар иқлим ўзгаришлари 2024-йилда бундан-да хавфли ёнғинларини келтириб чиқаришини прогноз қилмоқдалар.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, иқлим кўрсаткичларининг йил сайин ёмонлашиб бораётгани инсониятнинг атроф-муҳитга бешафқат муносабатда бўлаётгани билан чамбарчас боғлиқ. Дунё бўйлаб содир бўлаётган шу каби ёнғинларнинг олдини олиш юзасидан пухта механизмни ишлаб чиқишга етарли куч ва маблағни қаратиш лозим. Йўқса эртага кеч бўлиши мумкин.