Ер юзида миллионларча инсонлар ва уларнинг миллионларча тақдирлари бор. Аммо, ҳеч кимнинг қадари бир-бирини такрорламайди. Кимлардир ҳаётдан ёлғиз ўтади, аччиқ-чучук дамларини тотиб кўради. Яна кимлардир елкасига дунё ташвишларини ортиб бир нафаслик умрини беҳуда совуриб юборади. Ва ер юзининг қайсидир чеккасида кимлардир яратган уларга берган қадар ва синовларига рози бўлиб, умр кўради. Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида истиқомат қилувчи Ўғилой Ўрмонжонова ҳам ана шундай соҳиби қисматлардан биридир.
Аёл умрини, ёшлигини ука-сингилларининг бахти камоли учун қурбон қилди, бир муддатки шахсий ҳаёт, оила қуриш учун ҳаракат қилмади, балки ҳаракат қилиш учун имкон ҳам бўлмади.
“Биз асли 17 фарзанд бўлган эканмиз. Аммо ота-онам етти ака-опамизни гўдаклигида тупроққа беришган экан. Ота-онам ҳам ука-сингилларим ёш пайти ўтиб кетишди. Рўзғор юки елкамга тушганидан сўнг оила тебратишга мажбур бўлиб қолдим. Укаларимни уйлантирдим, опа-сингилларимни турмушга бердим. Шу зайл умрим ўтиб кетти-ю, ўз шахсий ҳаётимни қуриш учун вақт қолмади. Турмушга чиқа олмадим”
Ўғилой опа асли ўзбек миллатига мансуб Қирғизистонлик бўлиб, ёшлик йилларида опасининг ортидан Тошкентга келиб қолган. Болалигидан эркакшода бўлиб улғайган Ўғилойнинг характери ҳеч бир дугонасининикига ўхшамасди.
“ 8 ни битирдим-у, опамнинг ортидан Ўзбекистонга келдим. Поччам мени шу ердаги “загад кантора” га ишга олиб кириб қўйган. Бўка туманидаги озиқ-овқатларни қабул қилиш пунктида 14 йил ишладим. Меҳнати жуда оғир эди. Аёл-қизлар барчаси бирдек оғир юклар ташишар эди. Табиатим ўғил болаларга хос бўлгани учун унча мунча ишни меҳнат демас эдим. Сочим ҳам калта, нари борса 2-3 сантиметрдан ошмас эди. Табиатан жуда шўх қиз бўлганман. Бир куни пичан йиғиш учун ўқитувчилар бизни ишга олиб кетди. Тун кирганда ўша ерда ухладик. Бир пайти қарасам икки дугонам кўрпа талашиб жанжаллашяпти. Жаҳлим чиққанидан ўша кўрпани олдим-да шартта иккига бўлиб юбордим. “Энди талашмаларинг, бўлмаса мендан кўрасанлар”, дея пўписа қилганим эсимда. Яна бир воқеа бўлган эди. Ота-онаси йўқ ўртоқларимдан бири айтганимни қилмагани учун жазо сифатида даст кўтариб бошқа хонага отиб юборганман”, дейди Ўғилой опа.
У 28 ёшларидан бошлаб ёлғиз боши билан унча мунча эркаклар уддасини қила олмайдиган таваккалчиликларга қўл урди. Йиллар давомида Россия, Татаристон, Қозоғистон каби давлатларга катта юк машинаси – фура ҳайдаб полиз экинлари савдоси билан шуғулланди. Кўча безориларидан тортиб, фирибгарларгача йўлиқиб, жонини сақлади.
“Дадам мени раис қизим деб чақирар эди. Ҳаммадан кўп дадам мени қўлловчи инсон бўлган. Мен туғилганимда ҳамма ўғил бўлади, деб ўйлашган экан. Энам дадамга ўғил бўлди дея хабар жўнатган экан. Оёғим билан туғилганим учун энам шоша пиша ўғил, деб ўйлаган бўлса керак, қиз бола эканлигимни билгач, 15 кунгача дадамга айта олмаган. Охири ёрилиб, қизим ўғил эмас, қиз туғди, мени кечиринг, деган эканлар. Шунда дадам, майли нима бўлса бўлсин, лекин ўғилболадек бўлсин, исмини Ўғилой қўяман деб, 15 кун деганда менга исм берган экан. Шу-шу исмимга монанд ҳаётим ҳам шундай ўтди. Бир куни Қозоғистонга фура ҳайдаб кетаётган эдим. Ярим тун чамаси, саҳронинг қоқ ўртаси. Йўлимдан қўлларида автомат кўрган безорилар чиқди. Амал тақал келишув қилиб, безориларни қўлидан омон чиқиб кетдим. Яна бир сафар Татаристонлик фирибгарлар 10 минг долларлик молимни олиб, мени чув тушириб кетишган эди. Ўша пайтларда ичимдан нималар ўтганини, кечаси Худога ёлвориб қадай дуолар қилганимни ёлғиз мен ва яратган билади холос”
Бундан чамаси 25 йилча бурун Ўғилой опа Ўрта Чирчиқ туманининг Кучлик маҳалласида раислик қилишни бошлади. Фарзанди бўлмагани боис синглисининг ўғлини боқиб катта қилди. Маҳалла кабинети бўлмагани учун ўз уйидан ишхона очди. Ҳар ери тақир дашт бўлиб ётган ерларга газ, электр энергиясини олиб келди.
“Мен маошимни деярли ўзимга ишлатмас эдим, қийналган оилаларга эҳсон қилиб табиатимда бор. Яшасам шу жигарларим, маҳаллам учун яшадим. Аммо баъзида айримларнинг менга қараб “туғмагансан”, дея аччиқ гап отишлари юрагимга ботади. Яқинда онкологик касал билан оғридим. Шу сабаб ҳозир уйдаман. Кези келса бирор қишлоқдошим мени эслаб қўймаслиги дилимни оғритади. Ўтган неча йиллар давомида туҳматлар, киноялар, отилган тошларга чидаб яшадим. Чунки бир нарсага аниқ ишонаман, яратган куни келиб буларнинг ажрини менга зиёдаси ила ажратади”…