Электр қуввати ортиқча ҳисоблананаётган ҳолатларни Рақобат қўмитаси ўрганади

Cartoon character bulb light robot pays tariffs utility in kilowatt hour meter. 3d concept

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг  маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда ҳисоблагичларнинг электр қувватини ортиқча ҳисоблаётганлиги ва бу қўшимча харажатларга сабаб бўлаётгани ҳақида тарқалаётган хабарларни ўрганиш ҳамда муаммони ҳал этиш учун тезкор ишчи гуруҳ ташкил этилган.

Ишчи гуруҳ таркибига Рақобат қўмитаси билан биргаликда, “Ўзэнергоинспекция”, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда “Тошкент шаҳар электр тармоқлари” МЧЖ вакиллари жалб қилинган.

“Ушбу ҳолатларни ўрганиш давомида аниқланадиган камчиликларни бартараф этиш бўйича қонуний чоралар кўрилиши таъминланади”, дейилади қўмита хабарида.

Шунингдек, истеъмолчиларда юқоридаги каби муаммоли ҳолатлар мавжуд бўлса, Рақобат қўмитасининг ягона ишонч рақамига (1159) ёки Telegram мессенжерида @rquzBot орқали мурожаат қилиш мумкинлиги таъкидланган.