Самарқандда 31 туп қимматбаҳо дарахт кесиб ташланди

Самарқанд шаҳрида МТТ ҳудудидан қўшимча бино қуриш мақсадида қурилиш ишларни олиб бораётган «Самарқанд махсус сув дренаж» МЧЖ томонидан ҳудуддаги қимматбаҳо дарахтлар кесиб ташланди.

Бу ҳақда Самарқанд вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Самарқанд шаҳар «Боғимайдон» МФЙда жойлашган 16 сонли Мактабгача таълим ташкилоти ҳудудида қўшимча 150 ўринли бино қуриш ва ҳудудда қайта қурилиш ишларини олиб бораётган «Самарқанд махсус сув дренаж» МЧЖ томонидан таълим ташкилоти ҳудудида мавжуд жами 31 (ўттиз бир) туп шундан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 февралдаги «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини сақлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 93 сонли қарорига асосан қимматбаҳо навлари рўйхатига киритилган 30 (ўттиз) туп диаметри 6,6 см дан 24,5 см гача бўлган Элдор қарағайи (Пинус елдариcа) ва 1 (бир) туп диаметри 27,0 см бўлган кам қимматли Терак дарахтларини ноқонуний равишда қурилиши режалаштирилган бинони қуриш ишларини бошлаш учун бинонинг ер ости қисмини қазиш вақтида (котлован) кесиб ташлаганлиги ва илдизларини йўқ қилганлиги ҳолати аниқланди.

Олиб борилган тезкор ўрганишлар жараёнида «Самарқанд махсус сув дренаж» МЧЖ томонидан дарахтларни ноқонуний тарзда кесиб ташлаши оқибатида табиатга 260 620 000 сўм зарар етказганлиги маълум бўлди.

Ҳозирда ҳолатда ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдорида жиноят аломатлари борлиги сабабли айбдор шахсларга нисбатан қонун талабларига мувофиқ тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига тақдим этилди.