Санэпидқўм текширувларига кўра, заҳарланишга кафеда тайёрланган соус сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги ресторанларнинг бирида оммавий заҳарланиш юз бергани ва жабрланувчилар шифохонага ётқизилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Cанитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг 6-8 сентябрь кунлари пойтахтимизда овқатдан заҳарланиш белгилари билан жами 23 нафар шахслар, шулардан 22 нафари Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази клиникасига ҳамда 1 нафари Тошкент шаҳар 4-сон юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.
Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Дастлабки ўрганишларга кўра, уларнинг барчаси 2024 йилнинг 5 сентябрь куни Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Ниёзбек йўли кўчаси, 2-уй 2-А-хонадонда жойлашган МЧЖ “MUHTESHEM DONER” кафесида бир неча турдаги таомларни истеъмол қилгани маълум бўлди.
Олиб борилган даволаш муолажалари натижасида беморларнинг аҳволи яхшиланган ва 12 сентябрь 09.00 ҳолатига уларнинг 13 нафарига уйларига рухсат берилган. Қолган 10 нафар беморга даволаш муолажалари давом эттирилмоқда ва касаллик динамикасида ижобий ўзгаришлар кузатиляпти. Айни пайтда барча беморларнинг аҳволи қониқарли ҳолатда.
Бугунги кунга келиб, Санэпидқўмнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан “MUHTESHEM DONER” кафеси фаолияти вақтинча тўхтатилган. Истеъмол қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари қолдиқларидан намуналар олиниб, лаборатория текширувлари давом эттирилмоқда.
Бирламчи эпидемиологик суриштирув натижаларига кўра, заҳарланишга кафеда тайёрланган соус (беморларнинг барчаси истеъмол қилган маҳсулот) сабаб бўлган бўлиши мумкин, деган хулосага келинмоқда.