Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи билан Носирова Раъно Раҳимовна Ҳамширалар академияси ректори этиб тайинланди. Бу ҳақида вазирлик Матбуот хизмати хабар берди.
Р. Носирова 1995 йил Тошкент давлат иккинчи тиббиёт институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини “Тошкентқурилиш” давлат корпорациясининг тиббий-санитария бўлими терапевт-шифокори сифатида бошлаган.
Турли йилларда Яккасарой туман 45-сонли оилавий поликлиника терапия бўлими бошлиғи, бош шифокор муовини, туман кўп тармоқли марказий поликлиника бош шифокорининг даволаш ишлари бўйича муовини, 59-сонли оилавий поликлиника бош шифокори лавозимларида ишлаган.
II даражали “Саломатлик” ордени билан тақдирланган Р. Носирова тайинловга қадар Чилонзор туман тиббиёт бирлашмаси – марказий кўп тармоқли поликлиника бошлиғи сифатида фаолият кўрсатиб келаётган эди.
Янги раҳбар зиммасига олий ҳамширалик иши йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича бакалавриат ва магистратура босқичида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, тиббиёт техникумларининг раҳбар ва педагоглари ҳамда ҳамширалар малакасини оширишнинг узлуксиз ва яхлит тизимини яратиш, ўқув дастурлари интеграциясини таъминлаш, илмий салоҳиятни ошириш, шунингдек, тиббий таълим ва илм-фан соҳасида ривожланган давлатлар билан халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш каби қатор вазифалар юклатилди.