Ўзбекистонда 2024 йилнинг ўтган даврида 32 нафар судьянинг ваколат муддати илгари тугатилган. Бу ҳақда АОКАда Судялар олий кенгаши мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида Кенгаш томонидан судьялик лавозимларига танлаш ва тайинлаш (шу жумладан ваколати муддатига қайта тайинлаш) бўйича ўтказилган очиқ танловларда 503 нафар номзод муҳокама қилинди. Уларнинг 378 нафари (ёки 71.1 фоизи) судьялик лавозимига муносиб деб топилган, 52 нафари (ёки 10.3 фоизи) судьялик лавозимига номуносиб деб топилган бўлса, 73 нафари (ёки 14,5 фоизини) ваколати муддатига бошқа судьялик лавозимига қайта тайинлаш рад этилган.
Судьялар асосан неча ёшда?
2024 йилнинг 18 сентябрь ҳолатига кўра, тизимда 1490 нафар судья фаолият юритаётган бўлиб, шундан 209 нафарини (ёки 14 фоизи) аёл судьялар ташкил этди. Аёлларнинг 24 нафари раҳбар лавозимларга тайинланган.
Судьяларнинг 1309 нафари ёки 87,8 фоизи 50 ёшгача, 39 нафари 2,6 фоизи 60 ёшдан ошганлар ташкил этади.
54 нафар судья муддатсиз даврга тайинланган
Фаолият кўрсатаётган судьяларнинг 511 нафари (ёки 34,4 фоизи) судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига, 923 нафари (ёки 61,9 фоизи) ўн йиллик муддатга, 54 нафари (ёки 3,6 фоизи) муддатсиз даврига тайинланган.
Тизимда 25 нафар юридик фанлар номзоди илмий даражасига эга судьялар фаолият кўрсатади, 55 нафар судья давлат мукофотлари билан тақдирланган. Шунингдек, жорий йилда намунали фаолияти, ташаббускорлиги ва юқори рейтинг кўрсатгичларига эга 15 нафар судья Судьялар олий кенгаши қарори билан “Ибратли судья” мукофотига лойиқ кўрилди. Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан тизимда узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатган 32 нафар фахрийлар “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
2024 йилнинг ўтган даврида 32 нафар судьянинг ваколат муддати илгари тугатилган. Уларнинг 13 нафари судьялик қасамёдини, 6 нафари Судьялар одоби кодекси талабларини бузгани, 13 нафари ўз аризасига кўра лавозимидан озод қилинди.