Ижтимоий тармоқлар: Фойдали алоқа воситаси ёки замонавий заҳар?

 Ижтимоий тармоқлар ҳаётимизни янги имкониятлар билан бойитди, аммо уларнинг доимий ва ҳаддан ташқари ишлатилиши инсон психологиясига, руҳий саломатликка ва ижтимоий муносабатларга жиддий зарар етказиши мумкин. Бу воситалар инсонларни боғлайди, аммо уларнимимг вақтларини ўғирлаб, ўз-ўзини паст баҳолашига сабаб бўлиши мумкин.

 Замонавий дунёда ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Facebook, Instagram, ТикТок, Телеграм ва Снапчат каби платформалар миллионлаб фойдаланувчиларни ўзига жалб қилган. Аммо улардан қанчалик тўғри фойдаланяпмиз? Тармоқлар умримизни бесамар ўтишига сабаб бўлиб қолмаяптими?

 Ижтимоий Тармоқлар Статистикаси

2023-йилги маълумотлар шуни кўрсатадики, ижтимоий тармоқлар инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурган . Қуйида баъзи платформаларнинг фойдаланувчилари сони келтирилган:

ТикТок: 1.1 миллиард фойдаланувчи

Instagram: 2.35 миллиард фойдаланувчи

Snapchat: 750 миллион фойдаланувчи

Телеграм: 700 миллион фойдаланувчи

Facebook: 3 миллиард фойдаланувчи

Одамлар ижтимоий тармоқларда кўп вақт сарфлашмоқда. Ўртача фойдаланувчи кунига 2 соат 30 дақиқа вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказади, баъзи платформаларда бу рақам янада кўпроқ. 

ТикТок фойдаланувчилари кунига тахминан 60 дақиқа  вақт давомида, Instagram фойдаланувчилари эса 30-40 дақиқа давомида платформада фаол бўлишади.

 Ижтимоий Тармоқларнинг Салбий Таъсирлари

Ижтимоий тармоқлар инсонлар ҳаётини бойитиши мумкин бўлса-да, улар билан боғлиқ бўлган кўплаб салбий жиҳатлар бор:

1. Руҳий саломатликка таъсири: 

Кўплаб психологлар ва тадқиқотчилар ижтимоий тармоқларда ҳаддан ташқари кўп вақт ўтказиш депрессия, ташвиш ва ўзини ёмон ҳис қилишга олиб келишини таъкидлайдилар. 

Машҳур психотерапевт Адам Грант шундай дейди: «Ўзини доимий равишда бошқалар билан солиштириш — ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари орасида энг кўп учрайдиган психологик муаммо.”

2. Вақтни бекор сарфлаш: 

Ижтимоий тармоқлар вақтни тўғри тақсимлаш билан бўғлиқ муаммоларни юзага келтиради. Кўпчилик фойдаланувчилар платформаларда бекорчи контентга вақт сарфлашади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳаддан зиёд кўп «реэлс» томоша қилиш, инсон диққатининг йўқолишига, иш унумдорлигининг пасайишига сабаб бўлади.

3. Ўзига қарамлик ва ўзини паст баҳолаш:

Машҳур ёзувчи Симон Синек ижтимоий тармоқлар ҳақида шундай дейди: » Ўзимизни бошқалар билан солиштириш ва улар билан рақобатлашиш бизни муваффақиятсизликка маҳкум қилади. Бу дунё учун қачон мукаммал шахс бўлишимизни билмаймиз. Сабаби, ҳар бир бир фойдаланувчи тармоқда  ўзининг мукаммал жиҳатларинигина намоён қилади. 

4. Сохта маълумотлар ва дезинформация: 

Ижтимоий тармоқларда сохта янгиликлар ва дезинформация тез тарқалади. Бу эса жамиятда нотўғри хабарларнинг яъни «факе» ахборотларнинг ёйилишига олиб келади.

Бир қатор машҳурлар ҳам ижтимоий тармоқлар ҳақида ўз танқидий фикрларини билдириб ўтган. Актёр ва режиссёр Эмма Ватсон шундай деган: «Ижтимоий тармоқлар — бу шунчаки реал ҳаётнинг бир бўлаги. Лекин кўп одамлар бу виртуал дунёни тўлиқ ҳақиқат деб қабул қилишади. Бу эса нотўғри.”

Ижтимоий тармоқлар бугунги кунда кучли восита, аммо улардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. 

Инсонлар бу платформалардан фойдаланишда ўз вақтини назорат остида ушлаши ва салбий таъсирлардан ўзини ҳимоялаши зарур. Вақт ва ресурсларни тўғри бошқариш, ижтимоий тармоқларнинг фойдали томонларидан унумли фойдаланиш учун муҳимдир.