Яна бир ҳоким ёрдамчиси 427 миллион сўм пулни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборди

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида ҳоким ёрдамчиси 427,7 млн сўмни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборди. Бу ҳақда Бош прократура матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Шайхонтоҳур туманида фаолият юритган ҳоким ёрдамчиси М.Ф. 20 нафар фуқароларга электрон тарзда берган тавсияномаларига асосан, қабул қилиб олган электрон калитлардан фойдаланган ҳолда жами 427,7 млн сўмлик кредит маблағларини қўлга киритган. У ушбу маблағларни оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, жумладан эҳтиёжманд оила аъзоларининг ҳунармандчилик, касаначилик, томорқадан самарали фойдаланиш, кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги фаолияти йўлга қўйилишини ташкиллаштириш учун ишлатиши керак бўлган. Аммо М.Ф. бу пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Шунингдек, М.Ф. ўзининг қариндошлари ва бошқа 5 нафар фуқароларга маҳалла ҳудудида яшамаган бўлсада, қалбаки тавсияномалар орқали жами 207,7 млн сўм миқдоридаги кредит маблағлари ажратилишига эришиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик) ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилди”, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.