Ҳилола Умарова: таълим-тарбия куч ишлатишдан ҳоли бўлиши лозим

Мактабгача ва мактаб таълими вазири айрим тарбиячилар томонидан болажонларга нисбатан ишлатилган қўполлик, тарбиясизлик ҳолатларига муносабат билдирди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова мактабгача тизим масъуллари билан мулоқот қилди. 

Мулоқотда марказий ва ҳудудий студиялардан республикамиздаги 38 мингдан ортиқ давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда тизимдаги қатор муаммолар санаб ўтилди. Жумладан, хусусий боғчаларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини жами тарбияланувчилари сонига нисбатан 10 фоиз миқдорида бепул қамраб олишга етарли эътибор қаратилмаяпти.

Айримларида эса болаларнинг реал сонини яшириш ҳолатлари ҳам учрамоқда. 

Бу муаммоларга тизимни рақамлаштириш жараёнини тўла якунлаш орқали барҳам берилади. 

Баъзи оилавий боғчаларда давлат бюджетидан ажратилган субсидия маблағларини олиш мақсадида давоматни сунъий ошириб кўрсатиш, содда қилиб айтганда, яхши мақсадда яратиб берилган имкониятдан қинғир йўл билан фойдаланиш ҳолатлари мавжуд. 

Айрим боғчаларда таълим ва тарбия жараёнларида давлат ўқув дастурларидан четга чиқиш ҳолатлари учрамоқда. 

«Кунора ижтимоий тармоқларда боғчаларда айрим тарбиячилар томонидан болажонларга нисбатан ишлатилган қўполлик, тарбиясизлик ҳолатлари акс этган видеолавҳа ва турли хабарлар тарқатилмоқда. 

Биргина ўтган йилнинг ўзида айни шу масалада вазирликка юзлаб мурожаатлар келиб тушган. Ўрганишлар натижасида 32 нафар раҳбар ва тарбиячи лавозимидан озод этилди, 3 нафари жавобгарликка тортилди, 15 нафарига интизомий чора кўрилди, 15 та хусусий боғчага берилган лицензия бекор қилинди.

Ҳар бир боланинг соғлом ва баркамол вояга етишига давлат кафил! Бу хусусийми, давлат ва хусусий шерикликми ёки оилавий боғча бўладими, қонун талаби, тартиблар ҳамма учун бир!

Таълим-тарбия куч ишлатишдан ҳоли бўлиши лозим. Болаларга нисбатан қўполлик қилган ёки шафқатсизларча муносабатда бўлган тарбиячи, педагогга қонун доирасида чора кўрилади. Узр, огоҳлантиришлар билан қутилиб қолиш йўқ, бу ўринда МТТ раҳбариятининг шахсий жавобгарлигини ҳам кучайтирилади. Буни тизимда ишлаётган ҳар бир раҳбар, педагог, тарбиячи ва ёрдамчи ходимлар бирдек тушуниши, шу тартибга риоя этишлари шарт!”, — дейди вазир ўз нутқида.