Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Нукус шаҳрида ўтказилаётган умуммиллий «Саломатлик марафони» тадбирларида иштирок этди.
Ушбу тадбир доирасида Нукус шаҳридаги 12 та оилавий поликлиника ва 3 та жамоат масканида аҳоли диагностикадан ўтказилмоқда.
Шунингдек, беморларни йўналтириш ва рақамлаштириш тизими жорий этилмоқда. Шифокорларнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари ва AI TOP-3 CDSS, MuxlisaMED AI, AI Mammo сингари сунъий интеллект ечимлари жорий этилиши натижасида янада тезкор ва аниқ тиббий ёрдам кўрсатиш имкони яратиляпти.
Атиги тўрт кун ичида қарийб 12 минг нафар фуқаро кўрикдан ўтди, шулардан 1 700 дан ортиғи чуқур текширувлардан ўтказилди, 116 нафари эса даволанишга йўналтирилди.
«Қорақалпоғистон тиббиёт институти болалар жарроҳлиги бўлимида мураккаб операцияларни бошдан кечирган кичик беморлар билан учрашиб, суҳбатлашдик. Уларнинг матонати ва самимий табассумлари беихтиёр ҳар биримизни таъсирлантирди.
Иккита янги лойиҳа ишга туширилди — рақамли оилавий паспортни жорий этишга асосланган «Оилавий саломатлик мактаби» ҳамда ёшлар кўмагида аҳоли тиббий саводхонлигини оширишни кўзда тутувчи «Саломатлик волонтёрлари» шулар жумласидан», – деб ёзади Мирзиёева.
Администрация раҳбари, шу билан биргаликда, соғлиқни сақлашни замон талабларига мос ҳамда ҳар бир инсон учун қулай ва фойдали тизимга айлантиришни мақсад қилган «Тиббиёт новаторлари» жамоасидаги ёш мутахассисларга ўз миннатдорлигини билдирган.