Тошкентда иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти: нега ҳам нарх, ҳам субсидия оширилмоқда

4,2 трлн сўм, 2027 йилда 4,7 трлн сўм субсидия берилиши кўзда тутиляпти. Мазкур рақамлар йирик қийматдаги субсидиялаш 2027 йилдан кейин ҳам давом этишига ишора беради. Чунки бу қадар катта маблағни бирданига нолга тушириш ва барча тўловларни аҳоли гарданига илиш мураккаб жараён. Масъуллар айтганидек, «буни бир вақтнинг ўзида амалга ошириш қийин».

Юқоридаги инфографикадан англаш мумкинки, масъуллар ваъда қилганидек, босқичма-босқич субсидиядан воз кечилаётгани йўқ. Аксинча, субсидия ҳиссаси ортса ортяптики, қисқармаяпти. Бу истеъмолчи ҳам чўнтагидан, ҳам солиғидан иссиқлик таъминоти учун тўлаётганини англатади. Бундан ташқари, 2030 йилга келиб субсидиядан бирданига воз кечилса, аҳолига жуда катта оғирлиги тушиши мумкин.

Субсидиялаш тўхтаса, нима бўлади?

Ҳукумат 2030 йилгача иссиқ сув ва иссиқлик тўловларини субсидиялашдан воз кечмоқчи. Яъни келгуси беш йил ичида иссиқлик таъминоти учун барча тўловларни аҳолининг ўзи тўлайдиган тизимига ўтиш режалаштирилган. Масалан, базавий тариф бир Гкал учун 711 641 сўм бўлса, шуни истеъмолчи тўлиқлигича тўлаши лозим бўлади. Бунинг учун тарифлар ҳозиргидан (12 ноябрдан амал қиладиган нарх 139 860 сўм) камида беш баравар оширилиши керак. Бу ҳали таннарх ўзгармаган тақдирдаги кўрсаткич ҳисобланади. Агар таннарх ўсишда давом этса, нархлар унга етиши учун неча карра ошишини прогноз қилиш ҳам имконсизга айланади.

Масъуллар тариф бирданига карра-карра кўтарилса, аҳолига юклама кескин ортиши мумкинлигини билдирган. Бу истеъмолчини мураккаб вазиятга солиб қўйишидан хавотир борлиги айтилган. Шу боис, нархларни ҳар йили камида 30 фоизга ошириш режа қилинган. Масаланинг бошқа томони ҳам борки, пойтахт аҳолисининг тарифларни қоплаш даражаси сезиларли ўсгани ҳисобига субсидия камайиши керак. Бироқ охирги йилларда ҳам бюджетга, ҳам истеъмолчига молиявий юклама ортса ортяптики, камайгани йўқ.

Иқтисодчи Отабек Бакиров фикрича, аҳоли тўловлари билан бирга субсидия ҳам кўпроқ ажратилавериши мантиқсизлик.

«Тарифлар ҳам, субсидиялаш ҳам ошмоқда. Бу қанақа бузуқ тизим? Истеъмолчи ҳам чўнтагидан, ҳам солиғидан (субсидия бу бизнинг солиқларимиз) тўлаши қачонгача давом этади? Янада чуқурроқ қаралса, бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас. Ҳали бошқа дастурлар ва захиралар ҳисобидан очиқ кўринмаётган кросс-молиялаштириш яна қанча? Наҳотки, Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан асосланган ва чуқур ҳисоб-китоб сўрашга ўзбек парламентида бирорта депутат ё сенатор йўқ? Веолиа Энергй Ташкент ўзи нима учун чақирилганди? Таннархларни шишириб беришгами? Буни ўзимизнинг маҳаллий ўғрилар ҳам қойиллатиб эплаётгандику. Веолиа Энергй Ташкент келиб, ўзи нимани қойиллатди? Ҳисоб-китоблар шаффофлигидаги энг элементар ва зарурий қадам — иссиқ сув ва иситиш ҳисобини ажратмадику, ҳеч қурса», дея муносабат билдирган Отабек Бакиров.

Ўз навбатида бугунги, уч йил ичида деярли 80 фоизга оширилган иссиқлик энергияси базавий тарифлари қай даражада асосли экани, таннарх нималар ҳисобига ўсиб бораётгани тўғрисида аҳолига батафсил тушунтиришлар керак. Истеъмолчилар тўлаётган солиқлар ҳисобидан берилаётган субсидиялар ўзини қай даражада оқлаётгани ҳам муҳим саволлардан бўлиб қолмоқда.