ЖССТ мактабларда соғлом овқатланиш бўйича глобал тавсияларини эълон қилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) илк бор мактабларда соғлом овқатланишни ташкил этиш бўйича глобал тавсиялар тўпламини эълон қилди.

Ташкилот маълумотларига кўра, дунё бўйлаб болалар ва ўсмирлар ўртасида ортиқча вазн ва семириш кўрсаткичлари изчил ўсиб бормоқда. Хусусан, 2025 йилда илк бор болалар ўртасида семириш ҳолатлари озғинлик кўрсаткичларидан юқори бўлган.

Қайд этилишича, мактаб ёшидаги ҳар ўнинчи бола семиришдан азият чекмоқда. Шу билан бирга, ҳар бешинчи бола, яъни жами 391 миллион нафар ўғил-қиз ортиқча вазнга эга. Дунё аҳолиси орасида эса 800 миллиондан ортиқ киши қандли диабет билан яшамоқда.

ЖССТ раҳбарияти таъкидлашича, болалар куннинг катта қисмини мактабда ўтказиши инобатга олинса, таълим муассасаларидаги овқатланиш тизими келажакда турли касалликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Тавсияларга кўра, мактабларда шакар, туз ва трансёғлар миқдорини кескин камайтириш, аксинча мева-сабзавот, дон, дуккакли маҳсулотлар ва ёнғоқлар улушини ошириш лозим.

Шунингдек, ташкилот мазкур тавсияларни амалиётга жорий этиш учун мамлакатларга техник кўмак кўрсатишни режалаштирмоқда.