Афғонистон ҳукумати Покистоннинг Кобулдаги наркология шифохонаси биносига йўллаган зарбаси оқибатида 400 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда Tolo News мамлакат ҳукумати вакили Ҳамдулла Фитратга асосланиб хабар тарқатган.
Расмийнинг маълумотига кўра, ушбу зарба оқибатида яна 250 киши жароҳатланган.
Покистон томони эса шифохонага ҳужум ҳақидаги айбловни рад этиб, фуқаролик объектларига зарба бермаслигини таъкидламоқда. Хусусан, Покистон ахборот ва телерадиоэшиттиришлар вазири Аттаулла Тарар X ижтимоий тармоғида «Солиҳ ғазаб» деб номланган ушбу амалиётдаги нишонлар фақат толибларнинг ҳарбий объектлари бўлгани, Кобулдаги икки объектда ўқ-дори омборлари ва техник таъминот инфратузилмаси йўқ қилинганини таъкидлаган. «Зарбалардан кейин кўринган иккиламчи портлашлар йирик ўқ-дори омборлари мавжудлигини яққол кўрсатади», – дея қайд этган вазир.
Маҳаллий телеканаллар тарқатган видеоларда бино ёнғин ичида қолгани, харобалар остидан қурбонларнинг жасадлари олиб чиқилаётгани акс этган.
Покистон ва Афғонистон ўртасидаги навбатдаги кескинлашув 2026 йил феврал куни бошланганди. Покистон мудофаа вазирлиги мамлакат 2021 йилдан буён Афғонистонни бошқариб келаётган «Толибон»га қарши «очиқ уруш» бошлангани ва минтақадаги террорчи гуруҳларнинг лагерлари бўйлаб зарбалар йўллаганини эълон қилганди. Бу ҳаракат феврал ойида Покистон пойтахти Исломобод шаҳрида, шунингдек мамлакат шимоли-ғарбидаги Бажаур округи ҳамда Банну шаҳрида содир этилган терактларга жавоб экани қайд этилган. Ўз навбатида, «Толибон» расмийси Забиҳуллоҳ Мужоҳид Покистон ҳарбий-ҳаво кучлари зарбаларига жавобан Афғонистон қуролли кучлари Покистоннинг чегара бўйлаб жойлашган постларига ҳужум уюштирганини маълум қилган.

