Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Мирзиёев Самарқандда катта мақсадларни белгилади: 11 трлн сўм, янги саноат зоналари ва минглаб иш ўринлари

18.03.2026 17:39

76

43 минг гектар жамоат яйловлари маҳаллаларга 30 йилга бепул ижарага берилади. Яйловларда қудуқ қазиш, сув чиқариш, уруғ экиш ва ерларни қайта тиклаш учун 50 миллиард сўм ажратилади. Чорвачилик учун лаборатория ускуналари ва наслли қорамол харидига 10 йилга 12 фоизли кредит берилиши белгиланди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Нарпай туманида Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

Йиғилиш аввалида давлат раҳбари барчани кириб келаётган Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами билан табриклади. Шунингдек, Самарқандга сўнгги ташрифдан кейин ўтган тўрт ой ичида мамлакат ҳаётида катта ўзгаришлар бўлганини таъкидлади. Бу ҳафта Олмалиқда 3-мис бойитиш фабрикаси ишга туширилгани, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази очилгани, эртага эса Пайариқ туманида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси очилиши қайд этилди.

Президент сўзида Самарқанд ишсизлик, камбағаллик, инвестиция ва экспорт бўйича намунавий вилоятга айланиши шартлигини таъкидлади.

Маълум қилинишича, вилоят маҳаллалари инфратузилмасини яхшилаш учун 100 миллион доллар, Ургут тумани учун яна 50 миллион доллар ажратилган. Умуман, Самарқанд вилоятига барча манбалар ҳисобидан 11 триллион сўм йўналтирилади. Тадбиркорлар учун эса кредит сифатида яна 18 триллион сўм ресурс берилади.

Президент Самарқанд вилояти олдига катта вазифалар қўйди. Жумладан, вилоятда иқтисодий ўсишни камида 9 фоизга етказиш, ялпи ҳудудий маҳсулотни 144 триллион сўмдан ошириш, 3 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш ва экспортни 1,2 миллиард долларга олиб чиқиш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, 100 минг аҳолини доимий ишли қилиш, 31 минг оилани камбағалликдан чиқариш вазифаси белгиланди.

Йиғилишда айрим туманлар кесимидаги муаммолар ҳам танқидий кўриб чиқилди. Масалан, Нарпай туманида 240 мингдан ортиқ аҳоли яшаса-да, саноат, қишлоқ хўжалиги ва сервис соҳаларидаги кўрсаткичлар паст экани қайд этилди. Шу боис Нарпайга режадаги 150 миллиард сўмга қўшимча яна 100 миллиард сўм, кичик ва ўрта бизнес учун эса 360 миллиард сўм ресурс ажратилади.

Шунингдек, Нарпай туманида 100 гектарлик юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги саноат зонаси ташкил этилиши ва бу ерда жорий йилнинг ўзида 300 миллион долларлик лойиҳалар бошланиши маълум қилинди. Туманда қулупнайчилик мактаби ташкил этилиб, 25 та маҳалла шу йўналишга ихтисослаштирилади.

Қўшработ тумани учун ҳам алоҳида вазифалар белгиланди. Унинг тадбиркорлик инфратузилмасини яхшилаш учун 60 миллиард сўм ажратилади. Туманда узумчиликни ривожлантириш мақсадида 300 гектарда “in-vitro” узумзор, 800 гектарда интенсив токзор ташкил этиш, 3,5 минг гектар узумзорни шпалерга ўтказиш топширилди.

Президент Нарпай, Қўшработ, Каттақўрғон, Пахтачи туманлари ва Каттақўрғон шаҳрининг вилоят саноатидаги улуши атиги 10 фоиз эканини кўрсатиб, ушбу ҳудудларда саноатни ривожлантириш учун 1 триллион 200 миллиард сўм ажратилишини маълум қилди. Бу маблағнинг 800 миллиард сўми саноат инфратузилмасига, 400 миллиард сўми эса йўл, сув, электр, сервис ва реновация ишларига йўналтирилади.

Шунингдек, жорий йил Самарқанд вилоятига 500 та электробус олиб келиш чоралари кўрилади.

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларига ҳам катта эътибор қаратилди. Президент дунёдаги беқарорлик, логистика занжирларининг узилиши, нефть нархи ва транспорт харажатлари ошиши озиқ-овқат нархларига таъсир қилаётганини таъкидлаб, ҳокимлар учун асосий вазифа озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, туризм ва сервис имкониятларини тўлиқ ишга солиш эканини айтди.

Шу мақсадда вилоятдаги 43 минг гектар жамоат яйловлари маҳаллаларга 30 йилга бепул ижарага берилади. Яйловларда қудуқ қазиш, сув чиқариш, уруғ экиш ва ерларни қайта тиклаш учун 50 миллиард сўм ажратилади. Чорвачилик учун лаборатория ускуналари ва наслли қорамол харидига 10 йилга 12 фоизли кредит берилиши белгиланди.

Парандачилик йўналишида эса Булунғур туманида 50 миллион долларлик гўшт йўналишидаги наслчилик корхонаси, Қўшработда эса 20 миллион долларлик тухум йўналишидаги наслчилик корхонаси ишга туширилади.

Балиқчилик соҳасида ҳам қўллаб-қувватлаш чоралари эълон қилинди. 1 майдан бошлаб қуёш панеллари ўрнатиш учун 16 фоизли кредит ажратилади, ўз маблағи ҳисобига панель ўрнатганларга эса харажатнинг 25 фоизи қоплаб берилади.

Картопкачилик бўйича ҳам аниқ топшириқлар берилди. Жорий йил Самарқандда 22 минг гектар ерга картошка экилиши режалаштирилган. Булунғур туманига Мисрдан 250 минг дона картошка мини туганаги олиб келиниб, кўпайтириш бошланади. Гollandиядан 6 минг тонна уруғлик картошка келтирилиб, фермерларга устамасиз етказиб берилади. Оқдарё туманида ишга тушган in-vitro лабораториясида тайёрланадиган 40 минг тонна супер элита уруғи деҳқонларга бепул тарқатилади.

Йиғилиш якунида Нарпай ва Термиз туманларида сунъий интеллект ёрдамида маҳаллалар имкониятларини таҳлил қилиш, ресурсларни энг кўп иш ўрни яратадиган ва бюджет тушумларини оширадиган лойиҳаларга йўналтириш тизими 1 майга қадар йўлга қўйилиши маълум қилинди. Бу тажриба кейинчалик бутун республика учун намуна бўлиши кутилмоқда.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган