Сўнгги кунларда Ўзбекистонда яна бир нечта мансабдор пора билан қўлга тушди. Бу ҳолатлар давлат хизматларидаги тизимли муаммоларни очиқ кўрсатмоқда ва фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини суиистеъмол қилмоқда. Охирги пайтларда бу каби ҳолатлар шунчалар кўпайдики, материалимизни тез орада 3 қисмини ҳам эълон қилсак ажаб эмас. Биз пора билан қўлга тушганлар рейтингида ташкилот, лавозим ва пул миқдорларини категорияга қараб саралаётган эдик. Коррупцион ҳолатларнинг кўплигидан қайси ҳолат ёки ташкилотга қайси ўринни беришни ҳам билмай қолдик. Яхшиси, барчасини ўзингизга ҳавола қиламиз.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Таълим ташкилотларини лицензиялаш бўлими етакчи мутахассиси Қарши шаҳрида фаолият юритувчи нодавлат олий таълим муассасасининг Сурхондарё вилоятидаги филиалини очиш эвазига 100 минг доллар талаб қилган. У ДХХ томонидан қўлга олинган ва Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан тергов қилинмоқда.
Солиқ тизимида ҳам шунга ўхшаш ҳолат фош этилди: Фарғона тумани солиқ инспекциясининг бош инспектори ҳокимлик захирасидаги ер майдонини тадбиркорга ажратиш ва унинг тоифасини ўзгартириш эвазига 101 минг доллар талаб қилган. Тезкор тадбирда у олдиндан 20 минг доллар олаётган пайтда ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодекси 168 ва 28,211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Бозор соҳасида ҳам пора билан қўлга тушган раҳбарлар бор: Қарши шаҳридаги деҳқон бозори раиси ва назоратчиси аукцион орқали сотилиши керак бўлган савдо нуқтасини тадбиркор номига расмийлаштириш эвазига 80 минг доллар талаб қилган, олдиндан 30 минг доллар олган вақтида ушланиб, Жиноят кодекси 168 ва 28,211-моддалари билан терговга олинган. Бухорода ҳам шундай ҳолат аниқланди: бозор раҳбари ва иш юритувчиси савдо дўконини қуриш эвазига тадбиркордан 11 минг доллар олган.
Ҳокимлик тизимида ҳам пора ҳолатлари мавжуд: Яшнобод туманидаги ҳоким ёрдамчиси фуқародан кўп қаватли уйининг 1-қаватини нотурар жой тоифасига ўтказиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш эвазига 5 минг доллар олган.
Кадастр тизимида ҳам коррупция фош этилди: Мирзаобод туманидаги кадастр агентлигининг бош инспектори фуқароларнинг яшаш хонадонни расмийлаштириш эвазига 1000 доллар ва 6 млн 50 минг сўм олган, Самарқанд вилоятида эса бошқа кадастр муҳандиси 2 сотих ер майдонини расмийлаштириш эвазига 2,5 минг доллар олган.
Солиқ тизимида яна бир ҳолат: Бўка туманидаги солиқ инспекцияси бош инспектори пахта ва ғалла етиштирувчи фермернинг 165,6 млн сўм солиқ қарздорлигини узайтириб бериш эвазига 10 млн сўм талаб қилган. У ДХХ томонидан ўз хизмат хонасида ушланган.
Шунингдек, “Узйўлкўприк” кластери Қорақалпоғистон филиалининг мансабдори қурилиш компаниясига “Беруний–Тўрткўл” А380 йўли қурилишидан 5 км иш ҳажмини бериш эвазига 10 минг доллар талаб қилган ва тезкор тадбирда ушланган.
Танқидий нуқтаи назардан қараганда, бу ҳолатлар шуни кўрсатадики, мансабдорлар ўз ваколатидан шахсий манфаат йўлида фойдаланмоқда. Бу фақат индивидуал жиноятлар эмас, балки бутун тизимдаги шаффофлик етишмаслигининг очиқ исботи. Фуқароларга хизмат қилиши лозим бўлган идоралар энди ўз манфаатини биринчи ўринга қўйиб, давлат ресурсларини суиистеъмол қилмоқда.
Президентимиз айтганидек, “ҳар бир давлат хизмати мансабдори аввало халқ ва давлат олдида масъулдир”. Шу сабабли, коррупцияга қарши кураш фақат жиноят жавобгарлиги билан эмас, балки тизимни тубдан ислоҳ этиш орқали амалга оширилиши лозим. Шаффоф бошқарув, самарали мониторинг ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш орқали фуқароларда давлат тизимига бўлган ишонч тикланади.
Хулоса шуки, ҳар бир фош этилган ҳолат — нафақат жиноят, балки тизимдаги назорат ва шаффофлик етишмаслигининг сигналидир. Агар бугун тизимни ислоҳ қилмасак, мансабдорларнинг шахсий манфаатлари жамият манфаатидан устун бўлиб қолаверади.

