26 март куни “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ 2025 йил якунларига бағишланган матбуот анжуманида ўтган йилги асосий кўрсаткичларини очиқлади. Маълум қилинишича, банк 2025 йил давомида жами 10 трлн 380 млрд сўм кредит ажратган.

Банк маълумотида айтилишича, 2026 йил 1 январь ҳолатига унинг умумий капитали 5,27 трлн сўмга етган. Жами активлар 38 трлн 167 млрд 731 млн сўмни ташкил этган бўлса, депозитлар қолдиғи 15 трлн 241 млрд 180 млн сўмга чиққан. Шундан 4 трлн 197 млрд 471 млн сўми жисмоний шахслар омонатларига тўғри келади.
Ҳисоботда кредит қўйилмалари ҳажми ҳам ўсгани қайд этилган. Хусусан, 2025 йил якунига келиб банкнинг кредит қўйилмалари 24 трлн 551 млрд 958 млн сўмга етган. Бу 2024 йилга нисбатан 2 трлн 25 млрд 327 млн сўмга ёки 8,9 фоизга кўп.

Банк мижозлари сони 1 млн 865 минг 608 нафарга етган. Хизмат кўрсатиш тармоғи эса 76 та офис, 156 та халқаро пул ўтказмалари шохобчаси, 198 та валюта айирбошлаш шохобчаси ва 327 та 24/7 нуқта орқали кенгайтирилгани айтилди.
Шунингдек, “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” дастури доирасида 7 минг 601 нафар тадбиркорга 820 млрд сўм кредит берилган ва 7 минг 809 та янги иш ўрни яратилган. Банкка бириктирилган 610 та маҳаллада эса 5 трлн 215 млрд сўм кредит ажратилиб, 262 минг 293 нафар аҳоли бандлиги таъминланган.
Бундан ташқари, 2025 йилда 6 минг 919 нафар фуқарога 1 трлн 892 млрд сўмлик ипотека кредити ажратилган. Шундан 3 минг 39 нафар фуқарога 909,5 млрд сўм ипотека кредити субсидия асосида берилган.
